Бишкек шаҳридаги VEFA савдо марказининг реклама жойлаштирувчи катта экранига президент Садир Жапаровнинг видеоси жойланди. Ундаги кадрлар давлат раҳбарининг 2023 йилдаги янги йил табригидан олинган.
Видеонинг дастлабки кадрларида реклама жойлаштиришни истаганлар учун телефон рақамлари кўрсатилган. Кейинги кадрларда Жапаровнинг юриб кетаётганини кўриш мумкин.
Давлат раҳбарининг матбуот котиби Эрбол Султанбаев «Клооп»га президентнинг видеосини савдо марказига жойлаштириш бўйича ҳеч қандай реклама берилмаганини билдирди.
VEFA’даги реклама экранига масъул Сазис Групп» хусусий компаниясининг менеджери «Клооп»га президентнинг видеосини «ўз ташаббуслари билан жойлаштиришганини» айтди. Шунингдек, у реклама тахтасини савдо марказига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди.
«Реклама бериш ойига 25 минг сомдан бошланади. Президентнинг видеосини аҳоли кўриб туриши учун ўзимиз қўйганмиз. Ҳеч қандай реклама бўлмаган. Яхши видеоларини тополмаяпман, топганимда яхшиларини чиқарардим», — деди у.
Бунгача президент бир неча марта савдо марказларига борган. 2022 йили январда «Чынар» универмагини айланиб, ўзига қуёш нуридан сақловчи кўз ойнак сотиб олган.
Шу йилнинг 14 майида эса давлат раҳбари биринчи хоним Айгул Жапарова билан бирга Asia Mall’га бориб, овқатланиб келган. Иккисида ҳам у савдо марказидаги одамлар билан суратган тушган.