Жамоат арбоблари, шоир-ёзувчи ва журнилистлар ҳукуматдан «Оммавий тартибсизликка ундаш» ҳамда «Ҳукуматни куч билан босиб олиш»да айбланаётган ёзувчи Олжобай Шакирни эркинликка чиқаришни талаб қилишди.
100 нафардан ортиқ киши имзолаган мурожаатда Олжобай Шакирнинг қамалиши катта хато бўлгани ва унга қўйилган айбловлар ҳақиқатдаг тўғри келмаслиги айтилган.
«Бироқ битта ҳақиқатга кўз юмиб бўлмайди: у жиноятчи ҳам, коррупционер ҳам, сотқин ҳам эмаслигига кафил бўла оламиз. Хушомадчилар орасида қолган ҳукуматнинг куни тез орада битишини бунгача уч тўнтарилиш исботламадими? Олжобай – халқни маданий-маориф ишига бош қўйиб, маошсиз, ўз уйини офис қилиб, туну кун жонини бериб ишлаётган жамоат арбоби», — дейилади мурожаатда.
Шунингдек, президент Садир Жапаровга ва МХДҚ раиси Камчибек Ташиевга мурожаат қилганлар «масалани сўз билан, сабаб билан ҳал қилишга интилмаган, қонунни ҳурмат қилмагани учун бир тўнтарилиш бошлаган ғаразгўй кучларга йўл очиб қўяди» деб огоҳлантиришди.
Ёзувчининг қўлга олиниши
Олжобай Шакирни МХДҚ ходимлари сўроққа олиб кетгани ҳақида 23-август куни маълум бўлган. Унинг аёли Назгул Бодбаева эри етти соат давомида бедарак эканини айтган.
24-августда Биринчи май туман суди ёзувчини ТИЗО-1га 2 ойга қамоққа олган.
Бунгача Шакир фейбук саҳифасига пост ёзиб, Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни Ўзбекистонга берилишига қарши 31-августда норозилик акциясига чақирган. Ёзувчи бунгача ҳам ҳукуматни тез-тез танқид қилиб турган.
Иссиқкўлдаги «Энесай» («Дилором»), «Бостери» («Олтин қум»), «Рохат» ва «Бўстон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлатнинг бошқарувига ўтиши 17-августда маълум бўлган.