Ўш: Кўпкари ўйинидаги жанжалга алоқадор 25 киши қўлга олинди

152

Ўш вилоятидаги Толойкон отчопарида ўтган кўпкари ўйинидан кейинги жанжалга алоқадор 25 киши қўлга олинди. Бу ҳақда 1 сентябрда вилоят милицияси билдирди.

Маълумотга кўра, тадбир вақтида жамоат тартибини бузган ва провакацион ҳаракатларни амалга оширганлар аниқланмоқда.

Сурат: Ўш вилоят ИИБ

«Воқеа бўйича қонунбузарликлар, жамоат тартибини бузишга ва провокация қилишга қилишга боғлиқ ҳолатлар аниқланса, қонун доирасида жавобгарликка тортилишади», — деб билдиришди милициядан.

31 августда мустақилликнинг 32 йиллиги муносабати билан Ўш вилоятида кўпкари ўйини ўтказилиб, финал босқичида «Ынтымак» жамоаси «Достук» жмоасини 2:1 ҳисобида мағлуб қилган.

Ўйин якунланиши олдидан натижадан норози бўлган томошабинлар ҳакамни калтаклаб, умумий олти киши жабрланган, бир орган ходими касалхонага етказилган.

Шунингдек, воқеа жойга борган тез ёрдам хизматининг Ford Transit русумидаги машинасига зарар етказишган. Бу маълумот милициянинг электрон журналига рўйхатга олинган.

Воқеа ҳақида МХДҚ раиси Камчибек Ташиев кечда маълумот бериб, жанжалга алоқадор ҳар бир турғун қонун доирасида жазоланишини билдирган. Ташиев провокацияга берилмасликни ва бирдамликда бўлишга чақирган.

Бу йил мустақилликка бағишланган асосий байрам тадбирлари Ўшда ўтди. Унга президент Садир Жапаров бошчилигида бир қанча ҳукумат вакиллари қатнашишди.