Ўш: Кўпкари ўйинидаги жанжалдан олти киши жабрланди, бир улоқчи шифохонага тушди

106

Ўш вилоятидаги Толойкон от майдонида 31 август Мустақиллик куни муносабати билан ўтказилган кўпкаридани жанжалда олти киши жароҳатланди. Ўйин вақтида жабрланган бир улоқчи касалхонага ётқизилганини «Клооп»га 1 августда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билдирди.

Маълумотга кўра, тиббиёт ходимларига мурожаат қилган улоқчиларнинг бири ўйин вақтида отдан йиқилиб, Ўш вилоят бирлашган касалхонасига ётқизилган. Ҳозирда аҳволи яхши.

«Иккинчи жабрланувчи — ҳуқуқни ҳимоя қилиш органи ходими Ўш шаҳар касалхонасига ётқизилди, аҳволи яхши. Қолган беш жабрланувчига амбулатор ёрдам кўрсатилган», — дейилади маълумотда.

Ички ишлар вазирлигидан 1 сентябрда бу воқеа бўйича текширув ишлари бошланганини ва жамоат тартибини бузиб, провокацион ҳаракат қилганлар аниқланиб, қонун доирасида жавобгарликка тортилишини маълум қилишди.

Шунингдек, милициядан ижтимоий тармоқларда ҳудудлараро низони қўзғатишга туртки бўлган провакацион маълумот тарқатганлар қонун доирасида жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантиришди. Ҳозирда шундай материалларни тарқатганларни аниқлаш бўйича чора кўрилмоқда.

31 августда Қирғизистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Ўш вилоятидаги Толойкон от майдонида кўпкари ўйини ўтказилган. Финал учрашувида «Достук» ва «Ынтымак» жамоалари куч синашиб, натижада совринни «Ынтымак» жамоаси 2:1 ҳисобида ютиб олган.

Ўйин тугаши олдидан натижадан норози бўлган томошабинлар ҳакамни калтаклашган. Шунингдек, воқеа жойга борган бир тез ёрдам машинасига зарар етказишган.

Воқеа ҳақида МХДҚ раиси Камчибек Ташиев кечда маълумот бериб, жанжалга алоқадор ҳар бир турғун қонун доирасида жазоланишини билдирган. Ташиев провокация берилмасликни ва бирдамликда бўлишга чақирган.

Бу йил мустақилликка бағишланган асосий байрам тадбирлари Ўшда ўтди. Унга президент Садир Жапаров бошчилигида бир қанча ҳукумат вакиллари қатнашишди.