Ёзувчи Олжобай Шакир «оммавий тартибсизликка ундашда» гумонланиб, қўлга олинди

113
Ёзувчи Олжобай Шакир. Сурат: Azattyk

Ёзувчи ва фуқаровий фаол Олжобай Шакир МХДҚ тарафидан «оммавий тартибсизликка даъват қилиш» гумони билан, вақтинча сақлаш жойига 48 соатга қамоққа олинди. Бу ҳақда 23-августда унинг адвокати Бақит Автандил билдирди.

Автандилнинг айтишича, ёзувчи бундан ташқари «ҳукуматни куч билан босиб олиш»да гумонланмоқда.  

«Бу [айбловларга] ҳеч қандай асос йўқ. Олжобай Шакир ижтимоий тармоқлар орқали халқни тинчлик митингигагина чақирган. Ҳозирда унинг охирги вақтда чиқарган постларига экспертиза тайинланди. [...] Биз айбловларни асоссиз ва абсурд деб ҳисоблаймиз. Шакир зудлик билан озод қилиниши керак», — деб билдирди адвокат.

Шакирнинг МХДҚда суроқ бераётгани ҳақида 23-августнинг кечида маълум бўлган. Адвокатнинг айтишича, ёзувчини соат тахминан 17:00ларда сўроққа олиб кетишган. 

Маълумотга кўра, унинг эҳтиёт чораси 24-август куни тушдан кейин Биринчи май туман судида қаралади.

Аввалроқ ёзувчининг турмуш ўртоғи Назгул Бодбаева эри сўнгги етти соатдан бери бедарак бўлаётганини, уни Бишкек ШИИБдан қидириб келишганини айтиб чиққан. «Қилим шами» ташкилотининг етакчиси Гулшайир Абдирасулова эса Шакир МХДҚда сўроқ бераётганини маълум қилган. 

Кейинчалик Олжобай Шакирнинг ҳамфикрлари Жибек Жолу — Эркинлик кўчаларининг чорраҳасида жойлашган МХДҚнинг асосий биносига тўпланишган.

 Махсус хизмат эса расмий маълумот бергани йўқ.

Аввалроқ, 21-августда Шакир фейбук саҳифасига пост ёзиб, Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни Ўзбекистонга берилишига қарши 31-августда норозилик акциясига чақирган. Ёзувчи бунгача ҳам ҳукуматни тез-тез танқид қилиб турган.

Ўзбекистонга берилган пансионатлар

17 августда Иссиқкўлдаги «Энесай» («Дилором»), «Бостери» («Алтин қум»), «Рохат» ва «Бўстон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлат бошқарувига берилгани маълум бўлган.

Президент «Кабар» берган интервюсида свет даврида Ўзбек ССРга тегишли бўлган дам олиш жойлари 2016 йили Қирғизистонга ўтказиш бўйича ўша вақтдаги вазир Темир Сариевни пансионатларни Қирғизистонга ўтказиш бўйича қарори «популистик» бўлганини айтган. Жапаров натижада Қирғизистон Вашингтондаги халқаро судда Ўзбекистонга бой бериб, 40 млн доллар товон тўлаши керак бўлганини билдирган.

Давлат мулкини бошқариш агентлиги, тўрт пансионат ҳозирда кўпи ёмон ва авария ҳолатида экани сабаб ҳаражатли эканини билдирмоқда. Бугунги кунда ўзбек инвесторлари ҳар бир пансионатга 15-20 млн доллар маблағ сарфлаши кутилмоқда. 

Ҳукуматнинг бу қарорини Кампиробод иши бўйича айбланиб, қамоқда ётган сиёсатчилар Равшан Жээнбеков ва Азимбек Бекназаровлар кескин танқид қилишган.