Қишлоқ хўжалиги вазирлиги: Қозоғистон томоннинг сув масаласи бўйича бизга даъвоси йўқ

135

Қирғизистоннинг Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Сув ресурслари хизматининг директори Алмазбек Сокеев сув масаласи бўйича Қозоғистоннинг Қирғизистонга даъвоси йўқлигини билдирди. Бу ҳақда у 23-августдаги матбуот анжуманида айтди.

Сокеев куни кеча қозоғистонлик ҳамкасблари билан яна бир марта боғланганини айтди.

«Куни кеча [22-августда] қозоғистонилк ҳамкасблар билан сўзлашдим. Улар “ҳеч қандай муаммо йўқлигини, сизларга биздан норозилик йўқ, ўзимиз сўзлашганмиз, берган сувга розимиз” дейишяпти. [...] ОАВда биз томонни сувни тўхтатиб қўйди деган нотўғри маълумот тарқалмоқда. У ерда сув йўқ, тўсадиган ҳам ҳеч нарса йўқ», — деди у.

Сокеевнинг айтишича, 17-19-июлда учрашув бўлиб, унда қозоқ томоннинг илтимоси билан сувни бериш сониясига 45 метр кубга кўпайтириш ҳақидаги протокол имзоланган.

Қирғиз томон ўз навбатида ҳамкасбларига сувни бундай миқдорда берадиган бўлса, заҳира августнинг бошида тугаб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган. Қозоқ томон бу шартно рози бўлган. Келишувга кўра, 5-августдан бери қозоқ томонга сув берилмаяпти.

Қирғиз-қозоқ чегарасидаги машина тирбандлиги

21-августда қирғиз-қозоқ чегарасида 370га яқин юк машинаси навбат кутиб, 23-августда уларнинг сони 600дан ошган.

Аввалроқ иқтисод фанлари доктори, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ирригация илмий текшириш институтининг директори Улан Чортомбаев Фейсбук саҳифасида қозоқ ҳукуматига мурожаат йўллаган.

У Қозоғистон томон Қирғизистон Киров сув омборидан сув беришни тўхтатгани учун чегарадан юк ташувчи машиналарни ўтказмаяпти деб билдирган.

Кейинчалик Қозоғистоннинг молия вазири Ерулан Жамаубаев қозоқ чегарачилари Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси билан биргаликда гиёҳванд моддаларга қарши операция олиб борганини билдирган. Амалдор «ҳеч қачон тижорий юкларга нисбатан ҳеч қандай таъқиқлар бўлмаганини» айтган.