Баткен шаҳридаги 7 кўчага 2022 йилнинг сентябрь ойида қирғиз-тожик чегара жанжалида қурбон бўлганларнинг номи берилди. Бу ҳақда «Клооп»га 24-августда шаҳар мэриясидан билдиришди.
Маълумотга кўра, шаҳар кенгаши бу қарорни чегара можаросида вафот этган марҳумларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида қабул қилган.
Номлари ўзгарган кўчалар:
- Базар-Баши кварталининг «Тинчтик» кўчаси — Нургази Боркошов номидаги кўча бўлиб ўзгарди;
- Кизил-Донг кварталининг Коммунистическая кўчаси — Илимбек Мурзаев кўчаси;
- Чет-Булак кварталининг Айгул-Гули кўчаси — Санжар Анаркулов кўчаси;
- Чет-Булак кварталининг Чет-Булак-6 кўчаси — Айбек Абдиллабеков кўчаси;
- Базар-Баши кварталининг «Токтогул-Олуя-2» кўчаси — Махамаджан Мапаев кўчаси;
- Кизил-Жол кварталининг Айдин-Кўл кўчаси — Дурусбек Канибек ўғли кўчаси;
- Кизил-Донг кварталининг Тамаша-Жай кўчаси — Айбек Исманов номидаги кўча бўлиб ўзгартирилди.
Чегарадаги қуролли можаро
Ўтган йилнинг 14-17 сентябрида қирғиз-тожик чегарасида кенг кўламли қуролли можаро бўлган. Отишув давлат чегарасининг барча периметрида бўлган. Икки томон ҳам ҳарбий агрессияда бир-бирини айблаган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, отишув оқибатида 63 киши қурбон бўлиб, 206 одам жабрланган. Қуролли можарода Қирғизистонга келтирилган моддий зарарнинг умумий миқдори 3 млрд 130 млн сом деб баҳоланган.
Тожикистон ҳукумати можарода 41 нафар Тожикистон фуқароси ҳалок бўлган, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди радиоси» ўз шахсий манбаларига таяниб, ҳалок бўлганлар сони 83 нафарни ташкил қилганини ёзган.