Нориндаги қамоқдан Бишкекка ўтказилган криминал Улан Токтосуновнинг яқинлари митингга чиқди

«Сакал» лақаби билан танилган жиноий гуруҳнинг аъзоси Улан Токтосуновнинг яқинлари уни Нориндан Бишкекдаги ТИЗО-1га ўтказилишига қарши бўлишмоқда. 23 августда ўнлаб одамлар Жазони ижро этиш хизмати олдига йиғилди.

Норози бўлганлар «Токтосуновнинг хавфсизлигига ким жавоб беради», «Адолатли қарор чиқаринглар», «Ўзи ўтирган қамоқда қолишини талаб қиламиз» деган ёзувли плакатларни кўтариб чиқди.

Токтосуновнинг митингга чиққан яқинлари. Сурат Назгул Мамитованинг фейсбук саҳифасидан олинди.
Токтосуновнинг митингга чиққан яқинлари. Сурат Назгул Мамитованинг фейсбук саҳифасидан олинди.

Бугун эрталаб Токтосуновнинг аёли Асел Шабданалиева эрини пойтахтдаги қамоққа ўтказишатганини айтиб, унинг хавфсизлигидан хавотирда эканини билдирган.

«Норинда 10 йилга яқин ётди. Олдин ҳаёти учун хавфли деб Бишкекка ўтказишни сўраганмиз, аммо инкор қилишган. Ҳозир эса [ўтган йили СИЗО-1да ўлдирилган] Чингиз Жумагуловникидай воқеа такрорланмасмикин деб хавотирдамиз», — дейди Шабданалиева.

Айбланувчининг адвокати Бактибек Жумашев Токтосуновни Бишкекдаги ТИЗО-1га нима сабабдан ўтказишаётгани номаълум эканини айтди.

Бу бўйича Жазони ижро этиш хизматидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

2015 йили Улан Токтосунов Камчи Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳининг аъзоси Дамир Сапарбековнинг ўлимида гумонланиб, кейинги йили 17 йилга судланган.

Шу иш бўйича Токтосуновдан ташқари Зипарбек Алиев 18 йилга, Дастан Таштанбеков тўрт йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўтган йили Норин вилоятидаги Жазони ижро этиш хизматининг етакчиси ва Токтосунов ишни ишни қайта кўриб чиқиш илтимоси билан Олий судга мурожаат қилган. Аммо суд аризани қаноатлантирмаган.