Жогорку Кенеш депутати Дастан Бекешев Иссиқкўлдаги тўрт пансионатни Ўзбекистонга бериш масаласи 2017 йили муҳокама қилиниб, ҳал қилинганини билдирди. Халқ вакили билдиришича, ўша вақтда ҳукумат Ўзбекистон Қирғизистонга қарши бошлаган арбитраж тортишувини бартараф қилмоқчи бўлган.
17 августда «Эне-Сай» («Дилором»), «Бостери» («Золотые пески»), «Рохат» ва «Бустон» пансионатлари 49 йилга қўшни давлатнинг бошқарувига берилиши маълум бўлган. Пансионатлар совет даврида Ўзбекистон ССРнинг маблағига қурилган ва 1992 йилдаги шартнома бўйича Ўзбекистонга тегишли бўлган.
Бироқ 2016 йили ўша вақтдаги бош вазир Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумат Ўзбекистон давлат компанияларига қарашли бўлган шу пансионатларни Қирғизистон мулкига ўтказган. Аммо Ўзбекистон халқаро арбитражга ариза берган.
«Иқтисод ва фискал сиёсат бўйича қўмита 2017 йилнинг 12 декабрида пансионатларни ўтказиб бериш бўйича келишувни ёпиқ режимда кўриб чиққан — дейди Бекешев. — Йиғинда қўмита раиси Нурлан Макеевнинг ўрнига мен олиб борганман. Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги келишувни ҳукумат томондан ўша вақтдаги вице-премьер-министр Дайир Кенекеев ҳимоя қилган. Муҳокама натижасида мен қарши овоз берганман, қолганлар келишувни қўллашган, кейин мен ўша қўмитада раҳбарлик қилганим учун қарорни имзолаганман».
Кейинчалик Бекешевнинг айтишича, айрим баҳсли ҳолатлар юзага клегани учун ҳукумат келишувнинг ратификациясини вақтинча тўхтатган.
«Вазирлар Маҳкамаси пансонатларни бу йил 2023 йили ҳеч бир очиқ танлов ўтказмай узоқ муддатга ижарага беришни ҳал қилгани ачинарли — дейди халқ вакили. Бу тўлиқ сиёсий қарор, бунинг иқтисодий фойдасини излаш муҳим эмас. Пансионатлар Қирғизистонга жуда ёмон ҳолатда берилганини ва пансионатларга инвестиция киритиш бўйича аввалги келишувлар бажарилмаганини эслатиб ўтмоқчиман».
Президент пансионатларни Ўзбекистонга ўтиши ҳақида нима деган?
Президент Садир Жапаров 18 августда «Кабар» давлат агентлигига интервью бериб, Қирғизистон Вашингтондаги халқаро судда Ўзбекистонга ютқазганини, 40 млн доллар тўлаши кераклигини билдирган.