Вилоят ҳукумати Боткенга ёрдам учун очилган махсус ҳисобдан 327 млн сом сарфланганини билдирди

126

Боткен вилоятининг мухтор вакиллиги ўтган йили сентябрда қирғиз-тожик чегарасида бўлган қуролли тўқнашувда жабрланган турғунларга ёрдам учун очилган махсус ҳисобдан 327 млн сом сарфланганини билдирди. Махсус ҳисобга 2022 йилнинг 16 сентябридан 2023 йилнинг 15 августигача умумий 354 млн 348 минг сом тушган.

Вилоят маъмуриятидан «Азаттиқ»қа махсус ҳисобдан ёнган 437 уй эгасига ва капитал таъмирга мухтож 241 уйнинг эгасига 200 минг сомдан тўланганини билдиришган. Қурилиши тугатилиб фойдаланишга топширилган 411 уй эгасига қўшимча яна 100 минг сомдан берилган.

3,9 миллион сом шу воқеаларда йўл ҳалокатидан вафот этган 12 ёшли боланинг оиласига тўланган. Шунингдек, жабрланган 22 фуқаронинг даволанишига 935 минг сом берилган.

Бундан ташқари, автомашина ва ҳайвонларидан айрилган фуқароларга ҳам товон тўланган. Умумий 599 турғунга 122 млн 280 минг 230 сом берилган. Жабрланган фуқароларнинг болаларига гуманитар ёрдам учун 58 минг 780 сом берилган.

Лайлак туманининг Кулунду қишлоғидаги бозорни тиклашга 2 млн сом, Боткен туманининг Дўстлик қишлоғидаги иссиқхонани тиклашга — 764 минг 594 сом сарфланган.

Шунингдек, вилоятни қайта тиклаш ишлари вақтида ёқилғи моддасига, жабрланган турғунларнинг болаларини дам олишни ташкил қилишга, озиқ-овқат ва эвакуацияланган турғунларнинг бошқа эҳтиёжларига 4,6 млн сом сарфланган.

Маҳаллий ҳукуматнинг маълумотига кўра, 15 август бўйича ҳисобда 27 млн 602 минг 632 сом қолган. Боткен вилоятида жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида маблағ йиғиш учун махсус ҳисоб ҳамон очиқ.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегара ҳудудлари аниқланмаган, шу сабаб чегара ҳудудларида — Боткен ва Ўш вилоятларида тез-тез жанжал чиқади.

Охирги катта можаро 2022 йилнинг 14-17 сентябрида бўлган. Қуролли тўқнашув давлат чегарасининг барча периметрида содир бўлган. Натижада 63 қирғизистонлик ҳалок бўлиб, 206 одам жароҳатланган.

Тожикистон ҳукумати бу жанжалда ўзи томондан 41 одам вафот этиб, 20дан ортиқ киши жабрланганини билдирган. Аммо «Озоди Радиоси» («Азаттиқ радиоси»нинг тожик хизмати) ўз манбасига таяниб 83 одам вафот этганини ёзган.

Қуролли тўқнашувда Боткен вилоятида юзлаб уйлар ва ўнлаб ижтимоий объектлар вайрон бўлган.