МХДҚнинг раиси Ташиев қирғизча контент тайёрлаган Анатолий Разгоняевни қабул қилди

170

МХДҚ раиси Камчибек Ташиев интернетда tolik_kyrgyz1 деган никнейм билан танилган блогер Анатолий Разгоняевни қабул қилди. Бу ҳақда 17 августда махсус хизматдан билдиришди.

Маълумотга кўра, Ташиев блогерга «қирғиз тилини ривожлантиришга ҳисса қўшаётганини ва буни юқори баҳолашини» таъкидлаб, блогерлик фаолиятини «ватанпарварлик руҳида давом эттириш кераклигини» айтди.

Сурат: МХДҚ
Сурат: МХДҚ

«[Ташиев] кўп миллатли Қирғизистоннинг ҳар бир фуқароси, қайси миллат вакили бўлишига қарамай, Қирғизистонни чин дилдан севишга, уни ҳар томонлама ривожларнишига ёрдам бериши кераклигини, бу борада блогер Анатолий Разгоняев каби фуқаролардан намуна олса бўлишини қўшимча қилди», — дейилади билдирувда.

Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари блогер Разгоняевга совға қатори қамчи ва оқ қалпоқ инъом қилди.

Разгоняев TikTok ижтимоий тамроқларида қирғиз тилида фаолият олиб боради. Унинг 38 мингдан ортиқ обуначиси бор. У тасвирга олган видеоларини юз мингдан ортиқ одам кўради.

Ташиев бунгача Қирғизистон паспортини ололмай мурожаат қилган турғунга ўзи паспорт топширган. Шунингдек, МХДҚ раиси республика ҳудудларидаги турли объектларнинг очилиш маросимларига қатнашиб келади.

Масалан, ўтган йили туғилган жойи Сузоқ туманига қарашли Барпи қишлоғида акаси Жанибек Ташиевнинг хотирасига бағишланган «Жони» дам олиш боғининг очилишига ва Жалолободдаги тўрт кўчани таъмирлашдан кейинги очилиш маросимига қатнашган.

Бундан ташқари, Ташиев ўлканинг турли ҳудудларида қурилаётган ёки таъмирдан ўтказилган МХДҚнинг ўнлаган биноларини очган. Бу бинолар республика бўйича ўнлаб саналади.