Президент Садир Жапаров 14-августда «болаларни зарарли маълумотлардан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонунни имзолади. Қонун орқали «болаларга зарар берувчи маълумот тарқатганларга» жавобгарлик киритилмоқда.
Бу қонун билан ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги кодексга, «Қирғиз республикасида болаларнинг соғлиғига, жисмоний, интеллектуал, руҳий, ва ахлоқий ривожланишига зарар келтиришни олдини олиш бўйича чоралар ҳақидаги» ва «Оммавий ахборот воситалари ҳақидаги» қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.
«Қонун болалар ва ўсмирларнинг одоб-ахлоқ, жисмоний, руҳий ва ижтимоий соғломлигини таъминлаш, сақлаш ва мустаҳкамлаш учун хавфсиз маълумот муҳитини тузиш мақсадида қабул қилинган», — деб билдиришди давлат раҳбарининг ахборот хизматидан.
Қонунга кўра, Қирғизистонда ОАВ, интернет тармоғида ва телекўрсатувларда қуйидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланади:
- Болаларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф солувчи ҳаракатлар қилишга, жумладан ўз соғлиғига зарар етказиш, ўзини-ўзи ўлдиришга туртки берувчи;
- Болаларни гиёҳванд моддани, психотроп ёки шок қилувчи моддаларни, тамаки маҳсулотларини, алкоголь, пиво ва қимор ўйинларига қатнашиш, фоҳишалик, ёки тиланчилик билан шуғулланишга ундовчи;
- Зўравонликка ёки золимликка йўл беришни асословчи ёки оқловчи, одамлар ёки жониворларга нисбатан зўравонлик ҳаракатини амалга оширишга туртки берувчи;
- Оилавий ва жамиятдаги қадриятларни йўққа чиқарувчи, «одатдан ташқари жинсий муносабатларни» пропагандаловчи ва ота-онасини ёки оиласининг бошқа аъзоларини ҳурмат қилмаган мунобатларни яратиш;
- ҳуқуққа қарши ҳаракатларни оқловчи;
- уят сўзлар бўлган;
- ўз ичига порнография сифатли маълумотлар олган маълумотлар.
Президентнинг матбуот хизмати билдиришича, Конституцияга кўра, «болалар — давлатнинг энг қимматбаҳо бойлиги» ва мамлакат «болаларнинг ҳар томонлама руҳий, ахлоқий, интеллектуал ва жисмонан ривожланишига туртки бўлувчи шароитларни яратиш билан уларни ватанпарварликка тарбиялайди».
«Болаларни зарарли маълумотдан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонунни депутат Жамиля Исаева таклиф қилган. қонунда «вояга етмаганларга зарар етказувчи маълумотни тарқатиш учун» жисмоний шахсларга 2 минг сом, юридик шахсларга 10 минг сом жарима киритиш кўрсатилган. Агар болаларга «зарарли» маълумот ОАВ ёки интернет манбаларига чиқиб кетган бўлса жарима миқдори 25 минг сомгача кўпаяди.
Мазкур қонунни парламент 22-июнда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган. бироқ ташаббусни ҳуқуқ ҳимоячилари танқид қилиб, қонун шошилинч қабул қилинганини билдиришган. «Медиа Полиси Институти»нинг юристлари бу «цензура ва фуқароларнинг маълумот олиш ҳуқуқини чеклашнинг яна бир ричаги» деб билдиришган. Улар «ташаббусчилардан болалар учун хавфсиз маълумот муҳитини тузамиз дейишидан мақсад — популизм ва қатъий иш бормоқда деган имитация», қонуннинг асл мақсади катта ёшдаги фуқаролар учун цензура киритиш эканини айтишган.
Сиёсатшунос Медет Тологонов «Клооп»га берган интервьюсида Қирғизистонда рус қонунларини олиш жараёни бораётганини айтган. «Болаларни зарарли маълумотдан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонун ҳам четда қолмаган. «Клооп» бунгача Исаеванинг қонун лойиҳаси айрим жойларида Россиянинг «Болаларнинг соғлиғига ва ривожланишига зарар келтирувчи маълумотлардан ҳимоя қилиш ҳақидаги» қонунидан кўчирилганини ёзган.