Бишкек: Жамоат транспортида йўловчиларга ҳужум қилган олти нафар ўғри қўлга олинди

146

Бишкекда жамоат транспортидаги йўловчиларнинг пулларини ва буюмларини ўғирлаб, баданига шикаст етказганликда гумонланиб, жами олти киши қўлга олинди. Бу ҳақда 15 августда шаҳар милициясидан билдиришди.

Сурат: Бишкек шаҳар ИИБ

Маълумотларга кўра, милицияга жабрланувчилар томонидан бир неча аризалар келиб тушган. Улардан бири жамоат транспортида нотаниш шахс унинг ҳамёнини ўғирламоқчи бўлганини, буни пайқагач, гумонланувчи вояга етмаган фарзандига ҳужум қилганини айтиб берди.

Мазкур ҳолат юзасидан “Ўғирлик” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, олти киши гумондор сифатида ҳибсга олинди – улардан икки нафари 18 ёшда, қолганлари 17, 22, 25 ва 28 ёшда.

Гумонланувчиларнинг яшаш жойини кўздан кечириш чоғида турли русумдаги 6 та телефон топилди. Улар шаҳар милициясининг вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси ва ахлоқ тузатиш колониясига киргизилди.

Ҳибсга олинганлардан икки нафари 9 августда автобус йўловчиларини номаълум қурол билан қўрқитгани учун қўлга олинган. Милициянинг қайд этишича, уларнинг ҳар иккиси ҳам аввал бир неча марта судланган.