Иссиқкўл: Тупда МХДҚнинг янги биноси очилди

185

3 августда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг, Иссиқкўл вилояти бўйича бошқармасининг Туп туман бўлими янги биносининг очилиш маросими бўлди. Бу ҳақда «Кабар» давлат ахборот агентлиги билдирди.

Маълумот бўйича, тадбирга президент Садир Жапаров, МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев, президентнинг Иссиқкўл вилоятидаги ваколатли вакили Илияз Иманбетов, Туп туманининг ҳокими Канибек Адиев ва миллий хавфсизлик органларининг фаҳрийлари қатнашди.

Садир Жапаров ўз нутқида янги бинонинг очилиши билан табриклаб, ташқи ва ички таҳдидлардан хавфсизликни таъминлашда, шунингдек ҳудудий яхлитликни сақлашда Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади.

Янги бино замонавий жиҳозлар билан таъминлангани ҳамда ходимлар учун барча шароитлар яратилгани айтилмоқда.

Бунга қадар ҳам 29 июлда президент Садир Жапаров билан Камчибек Ташиев МХДҚнинг Ўш шаҳри ва Ўш вилояти бўйича Бош бошқармасининг янги биносини очишган.

МХДҚнинг янги бинолари

2021 йилдан бошлаб республикада ҳуқуқ-тартибот идораларининг, айниқса, МХДҚнинг маъмурий бинолари тез-тез янгиланиб, унинг очилиш маросимлари тантанали равишда ўтказилиб келинади. Бироқ молиялаш манбаи қаердан келиши маълум эмас.

Аввалроқ Камчибек Ташиев «Регион ТВ» телеканалига берган интервтюсида давлатда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 50га яқин янги биноси қурилганини айтган.

Ўтган йили «Апрель» телеканалининг журналистлари суриштирув эълон қилган, унда «Кумтор» томонидан вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига  деб ажратилган пулларнинг бир қисмини фонд МХДҚнинг эҳтиёжларига сарфлаган, қўмитанинг ходимлари учун турар-жой ҳамда касалхона қуриб, техника сотиб олиб, биноларни таъмирлаб бераётганини ошкор қилишган.

Журналистларнинг маълумотига кўра, сўнгги 5 йилда Иссиқкўлни ривожлантириш фонди МХДҚнинг эҳтиёжларига 47 млн сомдан ошиқ маблағ сарфлаган. Бу қийматнинг деярли ярми — 21 млн 800 минг соми (255 минг доллари) — 2021 йили сарфланган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи