Президент Садир Жапаров Чуйдаги Кемин шаҳрининг юқори қисмида жойлашган йирик майнинг ферма тўғрисида суриштирувга изоҳ берди. Мамлакат раҳбари 28 июлда «Кабар» ахборот агентлигига интервю бериб, майнинг ферма қуришга ҳукумат рухсат берганини тасдиқлади.
Жапаровнинг сўзларига кўра, давлат элекрт энергиясини мазкур фермага энг қиммат нархда – 1 кВт/соат учун 5 сўм 4 тийиндан сотмоқда. Шунингдек, майнинг ферма 6 ойда «480 миллион сом энергетикларга, 225 миллион сом солиққа» тўлаб берганини таъкидлади.
«Кемин подстанциясининг қуввати етади. Иккинчидан, ёзнинг куни бизда электр энергияси тўлиқ етарли. Ҳатто ошиб қолади. Ҳеч қаерга сота олмаймиз. Шунинг учун энергия тизимига фойда тушсин деб, босимга бардош бера оладиган соҳаларга рухсат бермоқдамиз. Агар қиш кунида қийинчилик бўлса, уни уч ойга тўхтатиб қўямиз. Қолган тўққиз ойда ишлайверишсин. Энергетика тизимига, солиқ инспекциясига миллионлаб сом соф даромад келтиради», — деб тушунтирди у.
Жапаров 2010 йили ишга туширилган Қамбарота 2 ГЭСида ҳам майнинг ферманинг фаолиятига рухсат берилаётганини таъкидлаб, бу электр энергиясини йўқотишдан халос бўлиш мақсадида қилинаётганини айтди.
«ГЭС 120 МВт энергия ишлаб чиқармоқда. Бунинг атиги 90 МВтини ташқарига олиб чиқа оламиз, чунки узатиш қуввати атиги 90 МВт экан. 13 йил давомида қолган 30 МВт ҳавога сингиб кетган экан. 6 миллиард 816 миллион кВт/соат энергиядан қуруқ қолибмиз. Пул ҳисобида 3 миллиард 275 миллион сом йўқотишга учрабмиз. Бунинг учун бунга қадар барча бепарво раҳбарларни жавобгарликка тортса бўлади. Нима учун 13 йил давомида 30 МВтни йўқотиш бўлса эътибор беришмаган. Биз у ерда 30 МВтгача бўлган майнинг ферма жойлаштиришга рухсат бердик. Ўша майнинг ферма қуриш учун тахминан 20 миллион доллар атрофида пул керак бўлади. Инвестор тўлайди. Майнинг фермаси ишга тушса, бундан кейин йўқотишлар бўлмайди. Пул энергетикларга тушади», — деди давлат раҳбари.
Жапаров Қирғизистон қишда хориждан электр энергияси импорт қилишдан бош тортиб, келажакда электр энергиясини экспорт қилувчи давлатга айланишини қўшимча қилди.
Давлат финанси назорати маълумотига кўра, Қирғизистонда фақат иккита майнинг компанияси рўйхатдан ўтган – улар «Соларкоин» ва «ВиНЭТ» масъулияти чекланган жамиятлари.
Аввалроқ, «Клооп» давлат миллионлаб кВт электр энергиясини амалдорларга алоқадор хусусий майнинг фермаларга сотаётгани тўғрисида суриштирув эълон қилган.
2023 йилнинг май ойидаёқ «Соларкоин»га деярли 18 000 мегаватт/соат электр энергияси сотилган. «Клооп» қирғизистонликларга зарар келтириб, ўзи майнингдан бойиб бораётган ким эканини аниқлаган.