Боткен вилоятидан 293 нафар бола Иссиқкўлга дам олишга юборилди. Бу ҳақда 23 июлда президентнинг вилоятдаги ваколатли ваколатхонасидан билдиришди.
Маълумотда дам олишга чегара можаросида ҳалок бўлганларнинг ва кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари, ота-онасидан айрилган, мактабда яхши ўқиган ўсмирлар жўнатилгани айтилади.
Улар 10 кун Чўлпонота шаҳридаги «Алтын-балалык» соғломлаштириш марказида дам олишади. Болаларга 17 нафар ўқитувчи, икки нафар милиция ходими, бир нафар тиббиёт ходими ва 17 нафар ҳайдовчи ҳамроҳлик қилиб кетди.
«Болаларни дам олишга жўнатиш давлат томонидан чегарадаги воқеаларда ҳалок бўлган фуқароларнинг, яқинларидан ажраган, кам таъминланган оилалар фарзандларини ва аълочи ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди», — деб таъкидлашди вилоят маъмуриятидан.
Болаларни Иссиқкўлга президентнинг Боткендаги ваколатли вакили ўринбосари Жанибек Исақов бошчилигидаги маҳаллий раҳбарлар кузатиб қўйишди.
Аввалроқ, 20 июлда Президент Садир Жапаров «2021-2022 йиллари Боткен ва Ўш вилоятларидаги қуролли можароларда қурбон бўлганларнинг қариндошлари ва жабрланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган.
Унда чегарада ҳалок бўлганларнинг фарзандларига, ота-онасига, шунингдек, жабр кўрган, ногирон деб топилганларга қонунда белгиланган ижтимоий тўловларга қўшимча ҳар ойда нафақа тўланиши айтилган. Шу билан бирга бошқа имтиёзлар ҳам кўриб чиқилиши таъкидланган.
Муаллиф: Айдана Айбек қизи