Бишкек: Мэрияси муниципал ишхоналар учун 77 дона махсус техника сотиб олди

123

Бишкек шаҳар мэрияси муниципал ишхоналар учун 331 миллион сомга 77 дона махсус техника ва ускуналар сотиб олди. Бу ҳақда «Клооп»га 24 июлда мэриянинг матбуот хизматидан билдиришди.

Техникалар «Бишкек жашил чарба», «Бишкек суу чарба», «Бишкек жарик», «Бишкек шаар лифт», «Бишкек асфальт сервис», «Тазалик» ҳамда «Бишкек санитардик полигону» ишхоналарига ўтказилиб берилди. Уларни топшириш маросимида шаҳар бошчиси Эмилбек Абдикадиров иштирок этди.

Пойтахтга олиб келинган техникалар: Сурат: Бишкек шаҳар мэрияси.
Пойтахтга олиб келинган техникалар: Сурат: Бишкек шаҳар мэрияси.

Янги техникалар орасида ғилдиракли экскаватор, кран-манипулятор, автоминора, чиқинди ташувчи машина, суғориш машинаси, тикувчилик чиқиндиларини қайта ишлатувчи инсинератор ҳам бор экани айтилади. Бироқ мэрия техникани қаердан сотиб олинганини ошкор қилмаган.

«Пойтахтга жами 76 та махсус техника олиниб келинса, унинг 60 таси техника, 16 таси ускуна. Бундан ташқари, “Бишкек суу чарба” корхонасига яна бир махсус техника келиши кутилмоқда», — дея қўшимча қилишди мэриядан.

Сўнгги йилларда Қирғизистон ҳукумати ҳарбий ва махсус техникаларни харид қилмоқда. Аввалроқ, 17 июлда Транспорт ва коммуникациялар вазирлигига 265 дона янги техника топширилган.

Унда давлат раҳбари Садир Жапаров 2026 йилгача ўлкани ривожлантириш дастурида устувор аҳамият берилганини айтиб, белгиланган йилга қадар 700 га яқин махсус техника сотиб олиш режалаштирилаётганини билдирган.

Муаллиф: Айдана Айбек қизи