МХДҚ қирғиз-қозоқ чегарасидаги «Актилек» ўтказиш бекатидан қўшни давлатга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилган гумондорни қўлга олди. Бу ҳақда 22-июлда махсус хизмат билдирди.
Маълумотга кўра, воқеа 22-июлга ўтар кечаси соат 2:30 атрофида бўлган. Унда «Тойота Лэнд Крузер» русумидаги машинанинг ҳайдовчиси чегара чизиғини тан олмай Қозоғистонга ўтишга ҳаракат қилган. Чегарачилар машинани тўхтатиб қолишган.
«Қўлга олиш вақтида гумондор жавобгарликдан қочиш мақсадида МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевнинг ўғли Таймурас Камчибекович билан алоқаси борлигини айтиб, ҳарбий хизматчиларни қўрқитган», — деб билдиришди махсус хизматдан.
Кейин гумондор Ташиев билан «ҳеч қандай» таниш эмаслигини ва чегарадан ўтишга ҳаракат қилган вақтда маст ҳолда бўлганини айтиб кечирим сўраган .
МХДҚ гумондорга нисбатан «Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш» моддаси билан жиноий иш қўзғади. Ҳозирда у вақтинча сақлаш жойида.
Ҳукумат раҳбарларининг номини айтиб, ноқонуний ишларни қилган ҳолатлар бунгача ҳам бўлган. Ўтган йили ўзларини президент Садир Жапаров билан МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиевнинг қариндоши деб таништириб юрган фирибгарлар қўлга олинган.
Улар давлат божхона ва солиқ хизматининг масъул ходимларини қўрқитиб, давлат чегараси орқали юк ўтказган айрим компанияларга ёрдам бериб юришгани маълум бўлган.