21-июлда Россиянинг Москва шаҳрида куч органларининг масжидларда рейд ўтказганига қарши бўлган мусулмонлар митинг уюштиришди. Ижтимоий тармоқларга воқеа жойидан олинган видеолар жойланди.
Маълумотга кўра, йиғилганлар полиция ходимларини ўлкада ноқонуний юрган муҳожирларни аниқлаш баҳонасида масжидларга кириб бориб, намозни тўхтатиб, қўпол муносабатда бўлаётганидан норози.
Мусулмонлар Жума намозидан кейин акция уюштиришгани маълум қилинди. Ижтимоий тармоқлардаги видеода юзлаган киши «Аллаҳу Акбар» (Аллоҳ буюк) деб бақириб, Москванинг кўчаларини оралаб кетишаётганини кўриш мумкин.
Полиция ходимлари воқеани кузатиб, масжидларда ва унинг атрофида хавфсизликни кучайтиргани айтилди.
«Нелегал-2023» операцияси
20-июлда рус ҳукумати Марказий осиёлик муҳожирларга қарши олиб борилган кенг кўламли «Нелегал-2023» операциясининг хулосасини чиқарган. Текширув 19-июндан 25-июнгача бутун ўлка бўйича олиб борилгани, натижада етти мингга яқин одам Россиядан чиқарилганини маълум қилган.
Қирғизистоннинг Москвадаги элчилигининг маълумотига кўра, «Нелегал» операциясидан кейин Москвадан 130 қирғизистонлик депортацияланган.
Аммо муҳожирларнинг айтишича, операция битишига қарамай текшириш ва қўлга олишлар ҳамон давом этмоқда. Куч органлари муҳожирларни, парк, кафе ва кўчаларда тутиб текширишмоқда. Улар 7-июлда Котельники шаҳрида ва 14-июлда Дзержинск шаҳрида жума намозини тўхтатишган.
Куч органларининг бундай ҳаракатини Россия мусулмонларининг дин бошқармаси, Доғистон билан Чеченистон бошчилари Сергей Меликов ҳамда Рамзан Кадиров айблаб чиққан.
Сўнгги расмий маълумотга кўра, Россияда миллионга яқин қирғизистонлик ишлайди. Қирғизистон фуқароларининг 1,1 миллиондан ортиғи миграцияда.