Чегарада ҳалок бўлганларнинг оиласи ва жабрланганларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди

157

Президент Садир Жапаров 20 июлда 2021-2022 йилларда Боткен ва Ўш вилоятларидаги қуролли тўқнашувда қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва жабрланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати билдирди.

Қонунни Вазирлар Маҳкамасининг ташаббуси билан 29 июнда парламент қабул қилди.

Қонунда 2021 йилнинг 28-30 апрелида Боткен вилоятида, 2022 йилнинг 14-17 сентябрида Боткен ва Ўш вилоятларида содир бўлган низолар натижасида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига ва жабрланган фуқароларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш белгиланган.

Масалан, қурбон бўлганларнинг фарзандлари, ота-оналари, шунингдек, жабрланган ва ногирон деб топилган шахсларга бунга қадар белгиланган ижтимоий тўловларга қўшимча равишда ой сайин берилувчи ижтимоий нафақа пули олишади. Унинг ҳажми Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара чизиқлари ҳали аниқланмагани боис, чегарага яқин ҳудудларда тез-тез можаролар чиқиб туради — асосан ер, сув талаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш.

Охирги йирик жанжал 2022 йилнинг 14-17 сентябрида бўлган. Қуролли тўқнашув давлат чегарасининг барча периметри бўйлаб содир бўлган. Оқибатда 63 нафар Қирғизистон фуқароси ҳалок бўлган, яна 206 нафари яраланган.

Тожикистон ҳукумати ушбу можарода ўз томонидан 41 киши ҳалок бўлиб, 20 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилган. Аммо «Озоди Радиоси» («Азаттиқ радиоси»нинг тожик хизмати) ўз манбаларига таяниб, 83 киши ҳалок бўлганини ёзган.

Муаллиф: Медина Шамшидинова.