Энергетика вазири Таалайбек Ибраев 2026 йилнинг 1 августидан 31 декабрига қадар энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат режими жорий этишни таклиф қилди. У шундай таклиф билан 20 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича йиғилишида билдирди.
Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирги 3 миллиард кВт/соатлик электр энергияси тақчиллиги кейинги йилларда фақат ортиб боради.
«Масалан, 2023 йилда 17 миллиард кВт/соат бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 19 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Натижада тақчиллик 5-6 миллиард кВт/соатгача ошиши мумкин. [...] Шунинг учун мен президент фармони билан энергетика соҳасида фавқулодда ҳолат жорий этишни таклиф қиламан», деди у.
Фавқулодда ҳолат энергетика соҳасида нимани англатади ва қандай чекловлар бўлиши ҳозирча номаълум.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Акилбек Жапаров Ибраевнинг таклифини қўллаб, зудлик билан президент фармонининг лойиҳасини тайёрлашни топширди.
«Биз ҳозир қўшниларимиз билан товар айирбошлаш эвазига вазиятдан чиқаяпмиз, аммо келажакда коронавирус ёки иқлим ўзгариши каби инқирозлар бўлиши мумкин. Шунда биз бутунлай электрсиз қолишимиз мумкин. Биз бунга йўл қўймаслигимиз керак. Энергетика вазирлигига алоҳида ваколатлар беришимиз керак», - деди у.
2021 йилнинг ноябрь ойида президент Садир Жапаров Қирғизистонда энергетика соҳаси чуқур инқирозда эканини айтган эди. Аҳолининг электр энергияси истеъмоли йил сайин ортиб бормоқда, Қирғизистон эса ҳали кўпроқ энергия ишлаб чиқаришга қодир эмас. Шу боис мамлакатда электр қуввати тақчиллиги юзага келган бўлиб, улар қўшни давлатлар импорти ва маҳаллий узилишлар ҳисобидан қоплашга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ бу йил тақчиллик билан боғлиқ вазият янада оғирлашиши мумкин, чунки мамлакатимиз электр энергиясининг асосий манбаи ҳисобланган Тўқтўғул сув омбори тўлмаяпти.
Июль ойи бошида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари ўринбосари Бақит Торобаев сув омборига сув оқими камлиги сабабли тегишли идораларга «электр энергияси истеъмоли лимитларини қатъий назорат қилиш» бўйича топшириқ берган эди. Прогнозларга кўра, 2023 йил октабр ойида Тўқтўғул сув омборидаги сув ҳажми қарийб 12,4 миллиард куб метрни ташкил этади, бу режалаштирилганидан 2 миллиард куб метрга камдир.
Муаллиф: Айчурок Кенжекулова