Вазирлар Маҳкамасининг раҳбари Иқтисод вазирлигининг ишини танқид қилди ва «толиқмай ишлашга» чақирди

132

Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигининг натижаси бўйича Иқтисод ва савдо вазирлигининг ишидан норози эканини билдирди. Бу ҳақда 17 июлда Вазирлар Маҳкамаиснинг матбуот хизмати маълум қилди.

Йиғинда Акилбек Жапаров иқтисод вазири Данияр Амангелдиевнинг ва унинг саккиз ўринбосарларининг ҳисоботини тинглади. Бунгача Вазирлар Маҳкамаси ҳар бир ўринбосарга муассаса олиб борган ишларнинг маълум бир тармоғини тасдиқлаши керак деб «огоҳлантирган».

Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг раиси муассаса ишини танқид қилди. Жапаров тараққиёт фондлари билан ҳамкорликни яхшилаб, бу ишни вазирнинг ўринбосарларидан бири зиммасига қўйишни топширди. Унинг фикрича, муассаса иқтисод ва бизнесни ривожлантиришнинг шу инструментидан фойдаланмаяпти.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси раиси иш ўринларининг сонини ва мутахассисликларнинг муҳимлигини аниқлаш учун янги иш ўринларининг рақамли картасини кўрсатишни талаб қилди. Унинг айтишича, қурилиш, тикувчилик ва енгил саноат каби йирик тармоқларда ишчилар етишмайди.

Акилбек Жапаров вазирнинг ўринбосари Канат Абдрахмановнинг ишини ҳам кескин танқид қилди. Унинг айтишича, вазирнинг ўринбосари антидемпинг пошлина нималигини билмайди, сабаби вазирликнинг ҳар бир ходими шундай нарсаларни билиши керак.

«Сотув бозори ўсмоқда, унга ҳам етарлича эътибор берилмаяпти. Сизнинг 8 ўринбосарингиз нима иш қиляпти тушунмаяпман!» — деди у вазирга, шунингдек, 20 июлда 2023 йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича Вазирлар Маҳкамасининг йиғини ўтишини эслатиб ўтди.

Сўзининг охирида Жапаров экспорт динамикаси ўсиб, иқтисодий ўсишнинг темпи кўтарилаётган вақтда «замон билан ҳамнафас бўлиш зарурлигини» таъкидлади. Шунингдек, амалий иқтисодиётга ва контрабанда товарларининг импортига қарши курашни кучайтиришга чақирди.

«Бир сўз билан айтганда, толиқмай ишлашимиз керак», — деди Вазирлар Маҳкамаси раиси.

Муаллиф: Медина Шамшидинова