Новқатда гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган беш нафар шахс қўлга олинди

139

Ўш вилоятининг Новқат туманида 3 килограммга яқин гиёҳванд моддаларни олиб юрган 5 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда 17 июлда Ўш ИИБдан билдиришди.

Маълумотга кўра, Новқат туман ИИБига ноқонуний гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш, сотиш билан шуғулланаётган фуқаролар тўғрисида маълумот келиб тушган, «Гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш» моддаси асосида жиноят иши қўзғалган.

Сурат: ИИВ
Сурат: ИИВ

Суриштирув ишлари натижасида гиёҳванд моддаларни сотиш каналлари ва уларни сақлаш жойлари аниқланиб, Қорасув туманида яшовчи 26, 40, 39, 43, 26 ёшли беш нафар фуқаро гумондор сифатида қўлга олинди.

Уларнинг уйлари ва автомашиналарини тинтиш пайтида 2 килограмм 869 грамм оғирликдаги ўзига хос ҳидли модда топилган. Мазкур моддаларга нисбатан тайинланган суд-кимёвий экспертиза натижасида, олинган модда гашиш эканлиги аниқланди.

Гумонланувчилар Новқат туман ИИБнинг вақтинчалик сақлаш жойига киргизилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

6 июлда халқаро наркосиндикатнинг 22 ёшли аъзоси 6 килограммга яқин синтетик гиёҳванд моддалар билан қўлга олинган. Милициядан мазкур жиноятга алоқадор бошқа фуқароларни қидириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилишган.

 Муаллиф: Айчурек Кенжекулова