Бишкек: Ленин округидан қайта депутатни сайлаш 10 сентябрда бўлади

113

Марказий  сайлов комиссияси Бишкекнинг Ленин округидан Жогорку Кенеш депутатини қайта сайлашни 10 сентябрга белгилади. Мазкур қарор МСКнинг 12 июлдаги йиғинида қабул қилинди.

Сайлов қайтадан ўтаётгани сабаб номзодларни кўрсатиш, рўйхатга олиш ва ташвиқот ишларининг муддати қисқаради. Унга кўра, фуқаролар ўзининг номзодини 10 августгача қўйиши керак.

Шунингдек, йиғинда ўтказиладиган сайловга 13 млн 208 минг 800 сом сарфланиши маълум бўлди.

Бекор қилинган сайлов

28 майда Бишкекдаги бир мандатли №26 Ленин сайлов округида муддатидан олдин депутатлик сайлови ўтган. Номзод Дамира Ниязалиева 6185 (36,02%) овоз билан биринчи ўринга чиқса, Улан Сариев 11,88% овоз билан иккинчи ўринга илинган — унга 2070 сайловчи овоз берган.

29 майда Ниязалиеванинг устидан  «Овоз сотиб олиш» бўйича иш қўзғалган. Унинг штаби тинтув қилиниб, муҳрланган. Бунга интернетда тарқаган аудио сабаб бўлгани маълум қилинган.

1 июнда МХДҚ иккинчи ўринда энг кўп овоз олган номзод Сариев овоз сотиб олишда гумонланаётганини билдирган.

16 июнда МСК Жогорку Кенеш депутатларини муддатидан олдин сайлов натижасини яроқсиз деб топган.

Бекор қилинган сайловга келганларнинг сони жуда оз бўлган — 124 мингдан ортиқ сайловчидан 17 420га яқини қатнашган. Сайловни ўтказишга 18 млн 636 минг 500 сом сарфланган.

Муддатидан олдин сайлов ўтказишга собиқ депутат Жанибек Абировнинг «кафеларнинг бирида назоратчини калтаклагани» айтилиб, жамиятда муҳокама қилингани, 27 мартда у депутатлик ваколатларини ўз истаги билан топширгани сабаб бўлган.