Ўш: Гулбаар қишлоғининг аҳолиси ариқдан сув ичишга мажбур

Ўш вилоятининг Гулбаар қишлоғида 15 мингдан ортиқ аҳоли ариқдан ифлос сувни ичишга мажбур. Бу ариқдан ҳайвонлар ҳам сув ичади, четларида ҳайвонлар ўлиб қолган ҳолатлар ҳам учрайди. Бунинг бари турли юқумли касалликларга сабаб бўлмоқда.

«Мен шу Гулбаар қишлоғида туғилиб ўсдим. 52 ёшга чиққан бўлсам, 52 йилдан бери шу ариқдан сув ичамиз. Эрталабки тиниқ вақтида тўлдириб оламиз. Тушдан кейин мана шундай ифлосланади, ўрдаклар юради, бола-чақамиз ювинади», — дейди қишлоқ яшовчиси Умут Келимбаева.

2018 йили ҳукумат ҳомийларнинг пули билан қишлоққа сув олиб келишга ҳаракат қилган, аммо бу ичиш учун яроқсиз бўлган. Энди ҳукумат Бутун жаҳон банкининг пулига яна сув олиб келишни режалаштирмоқда. Улар «пул тайёр» дегани билан қишлоқ ҳамон тоза сувсиз қолди.