Акилбек Жапаров: Бишкек ва Чуйда тоза сув муаммоси икки-уч йилда ҳал этилади

146

Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров 3 июлда Бишкек ва Чуй вилоятининг Аламудун туманидаги «Орто-Алиш» ва «Башкара-Суу» сув тўпланувчи жойларга борди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, сув оз келгани учун юқоридаги сув тўпланиш жойларидаги скважиналар тўлмай, пойтахтнинг бир қанча аҳоли пунктларига сув тўлиқ берилмаяпти. Жапаров сув тўплаш жойларини айланиб, бу ерда об-ҳаво ўзгаришларига таъсир қилмайдиган доимий каскад форматидаги резервуар бўлиши кераклигини билдирди.

«Қўшимча скважиналарни ва суткалик бассейнларни молиялашга тайёрмиз, ҳисобларни ва кўринишларини беринглар. Халқни сувсиз қолдириш мумкин эмас», — деб билдирди Жапаров.

Шунингдек, у Чуй вилоятининг Сўқулуқ туманига қарашли Орок ва Селекция қишлоқларининг яшовчилари билан учрашди. Учрашувда у маҳаллийларга ҳукумат сув масаласини бир неча йил ичида тўлиқ ҳал қилишини айтди.

«Муаммони ўзим бориб кўриш учун атайлаб келдим, ҳал қилиш йўллари бор, биз бу йўналишда иш бошладик. Бизга вақт беринглар ва 2-3 йил ичида пойтахтни ҳам, Чуй вилоятини ҳам тўлиқ сув билан таъминлаш масаласини ҳал қиламиз», — деди Жапаров Бишкек шаҳар мэриясига бир ҳафтанинг ичида график бўйича кўрсатилган қишлоқларни тоза сув билан таъминлаш масаласини ҳал қилишни топшириш чоғида.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси раиси мэрияга яна бир неча топшириқ берди: ичимлик сувидан суғориш суви сифатида фойдаланиш учун жаримани кўриб чиқишни, сув ҳисоблагичларни ўрнатиш ва бир ҳафталик муддатга сув омбори қуриладиган ерни аниқлаш учун муҳандислик ҳисобларни бериш.

Бишкек ва Чуй вилоятида пойтахтда иссиқ сув ўчирилиб, кун исий бошлагандан кейин сув танқислиги юзага келган. Шаҳарнинг айрим ҳудудлари бир неча кун тоза сувсиз қолиб, натижада маҳаллий яшовчилар митингларга чиқиб, ҳукуматдан муаммони ҳал қилишни талаб қилишган.

Мэриянинг амалдорлари Бишкекда сув танқислиги масаласини ҳал қилишга 500 млн сомга яқин маблағ кераклигини айтишган. Парламент қўмитаси бу масалани ҳал қилишга 150 млн сом бериш қарорини қўллаган.

Шунингдек, Бишкек мэрияси сув танқислиги масаласини ҳал қилиш учун июннинг ярмида шаҳарда янги скважиналарни бурғилашни бошлаган, уларнинг ёрдамида шаҳарнинг қуруқ ва сув оз ҳудудларига сув етказиб берилади. Шаҳарда умумий 6 янги скважина қурилиб, бурғилаш режалаштирилмоқда.

Шаҳарда сув танқислиги бўлаётган вақтда мэрия сувни кўп ишлатган хусусий ҳаммом, машина ювиш жойлари ва сув ҳавзаларини вақтинча ёпган. Шунингдек, муниципалитет фуқароларни тоза сувдан унумли фойдаланишга чақирган.