Бир видео билан: Садир Жапаров ғаввослар билан Иссиқкўлни тозалади

166

Президент Садир Жапаров Иссиқкўл тубини браконер тўрларидан тозалашда иштирок этди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари 29 июнда Фейсбук саҳифасида ёзди.

Унинг айтишича, ФВВнинг ғаввослари март ойидан буён 100 км узунликдаги балиқ тутувчи тўр ва 6,8 тонна чиқинди олиб чиқишган. Президент бу тўрларнинг аксарияти эски тўрлар эканини ва кўлнинг тубида анчадан бери ётганини таъкидлади.

«Уларга ўралашиб ўлиб, чириб ётган балиқлар, ўрдаклар ва бошқаларни кўриш жуда ачинарли. Бизнинг ғаввосларимиз бир неча ой давомида меҳнат қилишди ва бир қатор тозалаб чиқиб, кўлга қайта тутишса, яна янги тўрларни топиб чиқишибди. [...] Ҳурматли ватандошлар, барчангизни Қирғизистоннинг Худо берган гўзал табиатини тоза ушлашга, сақлашга чақирардим. Бир кун яшамай, эртанги келажакка атроф-муҳитимизни, кўлларимизни оқин сувларимизни мусаффо қилиб ўтказиб берайлик», — деб ёзади у.

Президент Сўнгкўлда ҳам аҳвол ёмон эканини қўшимча қилди. У мазкур кўл ҳам қаттиқ назоратга олинишига ваъда берди.

Қирғизистонда атроф-муҳитни тоза сақлаш масаласи долзарбдир. Турли ҳисоб-китобларга кўра, масалан, Бишкекда ҳар куни 870 дан 1000 тоннагача чиқинди йиғилади.