«7 млн сом зарар». Соқулуқда 13 гектардан ортиқ ерни ноқонуний ўзлаштириб олганлар қўлга олинди

144

Чуйнинг Сокулук туманидаги Янги-Пахта қишлоғининг турғуни ва Турар-жой, коммунал хўжалиги бўлимининг мутахассиси ерларни ноқонуний хусусийлаштиришда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 16-июнда МХДҚдан билдиришди.

Маълумотга кўра, гумондорлар ҳужжатларни қалбакилаштириб, 13 гектардан ортиқ ерни хусусийлаштириб олиш билан давлатга 7 миллион сомдан ортиқ зарар келтирган.

Қўлга олинган гумондорлар. Сурат: МХДҚ

Бу бўйича «Ҳужжатларни қалбакилаштириш» ва «Фирибгарлик» моддалари билан иш қўзғалиб, гумондорлар вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Ҳозирда милиция бу ишга алоқаси бор бошқа одамларни аниқлаш ишларини олиб бормоқда.

Давлат ходимлари ёки собиқ амалдорларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини турар-жой қуриш учун ноқонуний сотишда гумонланиб қўлга олинган ҳолатлари олдин ҳам бўлган.

Ўтган йилнинг апрель ойида Садир Жапаров «Ерларни ўзбилармонлик билан ноқонуний эгаллаб олиш фактларини олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик бўйича чоралар ҳақидаги» фармонни имзолаган.

Фармонда сўнгги йиллари давлат қонунларини бузиш билан участкаларни, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги ерларни хусусий уй қуриш учун ўзбилармонлик билан эгаллаб олган, ўзига тегишли ҳудудни кенгайтириб олган ҳолатлар кўп учраётганини таъкидланган.

Қонун бузганларга ИИВ чора кўриши, Архитектура, қурилиш ва турар-жой коммунал хўжалиги давлат агентлиги тасдиқлаб берган ер участкасини ўзбилармонлик билан кенгайтириш фактларини Қонунбузарликлар ҳақидаги кодексга ва Фуқаролик кодексга лойиқ кўриб чиқилиши айтилган.

Муаллифи: Айжамал Бексултанова