Қозоғистоннинг Абай вилоятидаги “Семей Ормани” қўриқхонасида чиққан катта ёнғинда 14 киши вафот этди. Шу сабаб ўлка президенти Касим-Жомарт Токаев 12 июнни миллий мотам куни деб эълон қилди.
Абай вилоятидаги ёнғин 8 июнда бошланган. Ҳалок бўлганлар “Семей Ормани” қўриқхонасининг ишчилари. Ёнғин натижасида 316 киши хавфсиз жойларга кўчирилди.
Сўнгги маълумотга кўра, ёнғин 60 минг гектар майдонга тарқалган, уни ўчиришган 300 техника, 1500га яқин одам ва 11 вертолёт сафарбар қилинди. 11 июнда Токаев ёнғин бўлган жойга бориб, қазо қилганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳодисага алоқаси борлар жавобгарликка тортилади деб ишонтирди.
Қозоғистон прокуратураси Абай вилоятидаги ёнғин бўйича “Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш билан кутилмаганда икки ёки ундан кўп одамнинг ўлимига олиб келиш” моддаси билан текширув ишларини бошлади.
Токаев “ҳудуддаги катта ёнғин вақтида ишга бефарқ муносабатда бўлгани учун” фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Илинни ишдан бўшатиб, ўрнига Фуқаровий ҳимоя академиясини бошқарган Сирим Шарипхановни тайинлади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров қозоқ президенти Токаевга ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
“Қурбон бўлганларнинг оилаларига ва яқинларига чуқур қайғу билан ҳамдардлик билдириб, қайғусига шерикман, барча жабрланганларни тезроқ соғайиб кетишини истайман”, — деди у.