Ўш шаҳар прокурорининг хонасида ҳусусий тадбиркор ўзини бензин сочиб ёқишга уринди

123
Сурат: «Азаттык» радиоси эълон қилган видеодан скриншот

8-июнда Ўш шаҳар прокурорининг хонасида тадбиркор Жамийла Бердибаева фаолиятига босим бўлаётганини айтиб, ўзига бензин сочиб ёқишга ҳаракат қилди. Тадбиркорнинг айтишича, шаҳар мэриясининг ходимлари Токтогул Сатилганов паркидаги болалар ўйновчи батутни ишлатгани рухсат бермай, яроқсиз қилиб қўйишган.

Ўш шаҳар мэриясига қарашли муниципал мулк бошқармасидан истироҳат боғида хусусий ўйин қурилмалари тақиқланганини ва тадбиркорга бунгача бир неча марта огоҳлантириш берилганини билдиришди.

9-июнда бош прокуратурадан «Клооп»га тадбиркор мэриянинг ходимларига қарши батутига зарар келтирилгани бўйича ариза билан мурожаат қилган, бу иш ҳозирги кунда Ўш шаҳар ИИБида текширилаётганини айтишди.

Нима бўлди?

8-июнь куни соат 10:00 атрофида Ўш шаҳар прокурорининг хонасида хусусий тадбиркор Жамийла Бердибаева ўзига бензин сочиб ёқишга ҳаракат қилган. «Азаттык» радиоси эълон қилган видеода иш кабинетида у билан Ўш шаҳар прокурори Малик Бектурганов, унинг ўринбосари Абдирашит Кубатидиновни ва бошқа одамларни кўриш мумкин.

Видеода ўзига бутилкадаги бензинни сочган аёл «Ўзимни ёқаман! Қонун фақат менга ишлайдими?» деб йиғлагани эшитилади.

Маълумотга кўра, тадбиркор Бердибаева дам олиш боғида ишлатиш учун 1 млн 800 минг сомга насия олиб, батут сотиб олган. Аммо маҳаллий ҳукуматнинг ходимлари уни дам олиш боғи ҳудудида ишлатишга рухсат бермай, тақиқланган ҳужжатларни кўрсатмай олиб кетишган.

«Ҳақиқат йўқлиги сабаб ўзимга бензин сочдим.

Бунгача ўн марта олиб кетган бўлса, ўн марта ҳам менга тегишли ҳужжатларни кўрсатмай, ўзбилармонлик билан олиб кетишди. Биргина менинг батутимга рухсат беришмаяпти. Бошқа батутлар ишлаяпти», — деб билдирди Бердиева Turmush нашрига.

Маҳаллий ҳукумат нима дейди?

Ўш шаҳар мэриясининг муниципал мулк бошқармасининг бошчиси Канишай Имарова хусусий тадбиркор Бердибаевага бунгача бир неча марта огоҳлантириш берилганини билдирди.

Имарованинг айтишича, шаҳар марказида жойлашган Токтогул Сатилганов парки тўлиқ таъмирлашдан ўтказилиб, Ўш шаҳар кенгашининг 2022 йилнинг 27-сентябридаги қарори билан паркда батутларга ва бошқа шу каби аттракционларнинг ишлаши тақиқланиб, байрам кунларига рухсат берилган.

«Паркдаги олдинги аттракционлар мэриянинг балансида бўлгани учун қолган. [...] Бу аёлга мартдан бери огоҳлантириш берамиз. Кечда олиб чиқиб ишлатиб олади. Охири ходимлар тўлиқ олиб чиқиб ташлади. “Бўлди ишлатмайман” дегани учун қайтариб берганмиз. Эртасига қарасак, яна шу ҳолат. Прокуратурадан тартибга келтириш бўйича таклиф келган. Бу тадбиркорга бошқа дам олиш жойларини ҳам таклиф қилдик, ўзи рад этиб келмоқда», — деди Имарова.

Бош прокуратурадан 9-июнда «Клооп»га шу йил 29-майда тадбиркордан Ўш шаҳар мэриясининг муниципал мулк бошқармасининг ходимлари «1 млн 700 минг сомлик батутини ноқонуний ишлатишда айблаб олиб кетиб, йиртиб қўйишганидан» шикоят қилганини билдиришди.

Бердибаеванинг аризаси бўйича Ўш шаҳар ИИБига 7-июнда «Бошқа одамнинг мулкини йўқ қилиш ёки бузиш» моддаси асосида рўйхатга олиниб, ҳозирда текширув ишлари бормоқда. Прокуратурадан бу иш бош прокуратуранинг назоратида эканини қўшимча қилишди.

Ҳаммуаллиф: Нагима Козуева