Парламент депутати Дастан Бекешев 7 июнда Жогорку Кенеш йиғилишида Бишкекда тоза сув тақчиллиги масаласини кўтарди. Халқ вакили вазият кундан-кунга оғирлашиб бораётганини таъкидлади.
«Ҳеч қандай ўсиш йўқ. Ё ҳукумат парво қилмаяпти, ёки мэрияда йиғилиш бўлмайди, ёки яхши батафсил маълумот берилмайди, қачон муаммо ҳал бўлади деб. Ёки муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлмайди, аксинча, кундан-кунга оғирлашиб бормоқда. Бу масалани Жогорку Кенешдан эшитсакми, мэрни чақириб? Агар шундай давом этса, одамлар яна бу сув бўйича [кўчага] чиқади-да. Сўзсиз чиқади, бизга ҳам келади», — деб Бекешев раис Нурланбек Шакиевга мурожаат қилди.
Парламентга Бекешевнинг яна бир қанча ҳамкасблари ҳам Бишкек мэрини таклиф қилиш кераклигини маъқуллади. Шу билан бирга, спикер депутатларнинг асосий вазифаси қонунлар ишлаб чиқиш эканлигини таъкидлаб, бу каби масалаларни фракция ва қўмиталар йиғилишларида кўриб чиқишга чақирди.
Бир неча тортишувлардан сўнг Шакиев Бишкек мэрини 8 июнда парламентга таклиф қилишга рози бўлди. Шаҳар мэри, спикернинг маълумоти бўйича 7 июнда Сочига жўнаб кетади.
Бишкекда кун исий бошланганидан бери тоза сув билан таъминлашда муаммолар пайдо бўла бошлаган. Сув танқислиги айниқса, шаҳарнинг жанубий қисмида сезилмоқда, 6 июнда «Бишкексууканал» ишхонаси тунда шаҳарнинг жанубий қисмига тоза сув беришни тўхтатишга мажбур бўлганини билдирган.
Шаҳар ҳокимлиги сув таъминотидаги муаммоларни унинг истеъмоли ва абонентлар сонининг кўпайиши, сувдан унумли фойдаланилмаётгани, Аламудун ва Ала-Арча дарёларида сув миқдорининг пастлиги билан изоҳламоқда.
Шаҳарда сув танқислиги сабабли шаҳар ҳокимлиги сувни кўп истеъмол қиладиган шахсий ҳаммом, автоювиш ва бассейнларни вақтинча ёпиб қўйган. Шунингдек, муниципалитет фуқароларни тоза сувдан тежамкорлик билан фойдаланишга чақирган.
Бишкек шаҳрининг уй-жой коммунал хўжалиги масалалари бўйича вице-мэри Жургалбек Шамиралиев 5 июнда шаҳардаги сув билан боғлиқ вазият бир ой ичида барқарорлашишини билдирган.