Собиқ президентлардан интервью олган Кадирали Кошалиев Халқ қурултойи раислигидан вақтинчалик кетди

120
Кадир Кошалиев. Сурат: «Акипресс» нашри

Собиқ президентлар Бакиев ва Акаев билан суҳбатлашган Халқ қурултойи раиси Кадирали Кошалиев вақтинчалик лавозимидан четлади. Бу ҳақда Кошалиев 26 майда ўзининг фейсбук саҳифасида ёзди.

Кошалиев Халқ қурултойининг делегатлари ва мутахассисларидан тузилган комиссия воқеа юзасидан тегишли қарор чиқаргунга қадар ўз ваколатларини вақтинча ўринбосари Бейшенбек Абдразаковга ўтказиб берганини таъкидлади.

«Ҳозир интригани тўхтатиб, диққатимизни ишга қаратайлик. “Халқ қурултойи тўғрисида” қонуннинг қабул қилинишига ҳисса қўшайлик. Менинг элга очиқ айтадиган сўзларим ҳали олдинда», — деди.

Кошалиевнинг интервьюлари

16 майда ўша пайтда МТРК журналисти бўлиб ишлаган Кошалиевнинг Курманбек Бакиев билан суҳбати эълон қилинган. Муҳожирликдаги президент адвокат ёллаб, ўзининг судида видеоалоқа орқали иштирок этиш истаги борлигини айтган. Орадан бир кун ўтиб Кошалиев Аскар Акаев билан бўлган интервьюсини ютубга жойлаштирган.

МТРКдан Кошалиевнинг материали унинг шахсий ташаббуси билан тайёрланиб, телеканал раҳбарияти билан келишилмаган деб билдиришган.

Журналист фаолиятидан норози бўлган апрель инқилоби иштирокчилари ва уларнинг яқинлари 23 майда норозилик намойиши қилиб, сургундаги президентлар оқланишига ҳамда мамлакатга қайтишига йўл берилмаслик кераклигини талаб қилишган.

Ўша куниёқ, Кошалиев МТРКнинг одоб-ахлоқ ва интизом комиссияси ўз хулосасини чиқаришдан аввал, «корпорация номига соя туширгиси келмай» ўз хоҳиши билан ишдан кетган.

Муаллиф: Бурулсун Жумалиева