Қиморхона ва букмекерлик контораларига лицензия сотишдан давлатга 126 миллион сом тушди

111

Казино ва букмекерлик конторалари фаолияти учун лицензия сотишдан бугунги кунда давлат бюджетига 126 миллион сом тушди. Бу ҳақда Давлат молия назорати раҳбари Марат Пирназаров 25 майдаги парламент йиғилишида маълум қилди.

Унинг айтишича, 84 млн сом битта казинодан, қолган 42 млн сом эса тўртта букмекерлик идорасидан тушган.

Казино фаолияти учун биринчи лицензияни президент Садир Жапаровнинг яқин дўсти Архибек Буркановга алоқадор бўлган «Гранд Казино» МЧЖ сотиб олган. Казинонинг ўзи собиқ «Золотой дракон» хитой ресторани биносида очилган.

2012 йилнинг 1 январида мамлакатда казино фаолияти тақиқланган. Тақиқ 2022 йилнинг ёзида яна бекор қилинган.

30 июнда президент Садир Жапаров Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берувчи қонунни имзолаган. Шу пайтгача парламентда қонун қабул қилиниши шовқин-сурон билан кечган, мамлакатнинг қатор шаҳарларида казинолар очилишига қарши митинглар бўлиб ўтган.

Ҳукумат қонуннинг мақсади «инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш йўли билан давлат бюджетига қўшимча ресурсларни олиб келиш» деб аймоқда.

Қабул қилинган қонунга кўра, Қирғизистон фуқаролари ва 21 ёшгача бўлган чет эл фуқаролари казино мижози бўла олмайди. Қонунга қарши томонлар бунга ишонмайдилар, чунки улар расмийлар бу талабнинг бажарилишини таъминлай олмайди, дейишади.