Кўнгиллилар Дмитриевка қишлоғидаги отишмада мол-мулки ёниб кетган сайёҳларга ёрдам беришди

154

«Дари добро» жамоат фонди раҳбари Долкунжан Илахуновнинг айтишича, Чуй вилоятининг Дмитриевка қишлоғида қуролланган шахс қўлга олиниши чоғида мулки ёниб кетган Россия, Беларус ва Франциядан келган сайёҳларга кўнгиллилар ҳамда бефарқ бўлмаган фуқаролар ёрдам берган.

Унга кўра, фуқаролар жабрланган сайёҳларга 50 минг сом, тўртта телефон, кийим-кечак, пойабзал ва озиқ-овқатларни йиғиб, топширишган.

«Кант шаҳар мэрияси уларни ётоқхонага жойлаштирди. Ҳар бир хонада тўрт киши бор. Ҳамма нарса тоза ва юмшоқ. Уч маҳал овқат», деб ёзади Илахунов.

Сайёҳлар ёрдам учун фуқароларга миннатдорчилик билдирди.

17 май куни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари Чуй вилоятининг Дмитриевка қишлоғида қуролланган шахсни қўлга олиш бўйича «махсус операция»  ўтказган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, махсус отряд террорчи экани даъво қилинган шахсни  отиб ўлдирган. Отишма натижасида икки нафар хавфсизлик ходими  яраланган.

Кейинроқ жароҳатланган сайёҳлар гумонланувчи ўлдирилган уйнинг иккинчи ярмида яшагани маълум бўлган. Уларнинг сўзларига кўра, отишма чоғидаги ёнғин туфайли уларнинг барча мол-мулки, пул ва банк карталари ёниб кетган.

Уй эгаларининг журналистларга айтишича, эркакнинг ташқи кўринишидан унинг жиноятчи эканлигини аниқлашнинг иложи йўқ, шунинг учун уни хотиржамлик билан ижарага беришган. Уларнинг қўшимча қилишича, бир киши туфайли уйга тўрттагача граната улоқтирилган.