Эдил Байсалов: Курманбек Бакиев судда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга

119

Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Эдил Байсалов Твиттер саҳифасида тахтдан қулатилган президент Курманбек Бакиевинг охирги чиққан суҳбати ҳақида фикр билдириб, депутатларнинг президент администрациясига нисбатан танқидига жавоб берди.

Байсалов нимага президент администрациясига савол қўйилаётганини, бу ерда президент администрациясини қандай алоқаси борлигини тушунмаётганини ёзди.

«Бизнинг давлатда сўз эркинлиги бор. Журналист кимдан интервью олмоқчи бўлса, шундан интервью олишга ҳаққи бор, қолаверса, томоша қилганларига қараганда — масалага қизиқиш юқори, мавзуга талаб бор», — деб ёзди у.

Муҳим маълумот: Агар Қирғизистонда сўз эркинлиги бўлиб, Байсалов айтгандай журналистлар кимдан хоҳласа шундан интервью ололса, унда «Азаттык»нинг сайти блокланмасди.

Мана шу «Азыркы учур. Азиянын» видеосюжетида журналист чегарада бўлган можаро ҳақида тожик томондан интервью олгани учун ҳукумат «Азаттык»ни судга берган.

Байсалов Бакиевнинг «ўз ҳақини талашиб, ўз манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳаққи бор» деб ҳам қўшимча қилди.

«У жиноят ишлари бўйича судда бўладими ёки жамоат фикри ва ўзининг ўлкани бошқарувига баҳо бериш судида бўладими. Учинчидан, ҳозирги раҳбариятнинг позицияси халқимизни консолидациялаш ва миллий келишувга эришишдан иборат. Собиқ президентларнинг ҳаммаси, улар қандай бўлмасин, бизнинг тарихимизни бир қисми. Жогорку Кенеш депутатлари ваҳима қилмай шу сиёсатни қўллашса бўларди», — дейди вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари.

Тахтдан қулатилган президент Бакиевнинг интервьюси 15 майда чиққан. У билан МТРКнинг бошловчиси Кадир Кошалиев суҳбатлашган. Унда Бакиев унинг иштирокида онлайн форматда суд ўтказишни таклиф қилган.

Бакиев адолат учун ишнинг материаллари билан танишиб чиқадиган адвокат ёллашини билдирган. Унинг айтишича, унга нисбатан қўзғалган жиноят ишларини текширишда хатоларга йўл қўйилган.

Бу интервьюга парламент трибунасидан ҳам эътибор беришган. Депутат Элвира Сурабалдиева МТРК Кошалиевни бу интервьюдан кейин ишдан ҳайдаши керак деб билдирган.

Халқ вакили «Бакиев ўзини оқлаб, мендан бошқасини ҳаммаси ёмон, мен айбсизман деса, шунчалик ўзини тозаман деса, шунча йилдан бери қўрқмай келмайдими халқига?» деган савол берган.

Кейин, депутатлар Кошалиевнинг интервьюсини танқид қилиб, МТРКдан уни ишдан ҳайдашни талаб қилишгандан кейин телеканал бу ҳолатга изоҳ берди. МТРКдан Кошалиевнинг интервьюси давлат каналдан кўрсатилмаганини, бундай режа ҳам бўлмаганини айтиб, хизмат текшируви олиб боришни ваъда қилишган.

Қочқин Бакиев

Курманбек Бакиев 13 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010 йили тахтдан қулатилгандан кейин оиласи билан ўша томонга қочган.

2010 йилнинг 7 апрелида норозиликка чиққанларга қарата қурол қўлланилиб, натижада Оқ уй олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Қирғизистонда Бакиев сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг 25 йилини у кучайтирилган тартибдаги аҳлоқ тузатиш қамоғида ўташи керак.

2010 йилнинг 10 июнидан бошлаб 14 июнгача Ўш ва Жалолобод шаҳарларида этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида жанжал чиққан. Минглаган бино ёқилиб, ҳарбий хизматчилар билан милициянинг қурол-яроғи ва махсус техникаси босиб олинган. Расмий маълумот бўйича тўқнашувда 426 одам ҳалок бўлган, мингдан ортиқ одам яраланган.

Июнь воқеасини текширган халқаро комиссиянинг маълумотига қараганда, халок бўлганларнинг сони 470 кишига етган. Уларнинг орасидан 74% ўзбеклар, 25% қирғизлар, бир фоизини эса бошқа этник гуруҳнинг вакиллари ташкил қилган. Вафот этганларнинг 67%га яқини ўқдан яраланган.

Қирғизистон ҳукумати комиссиянинг хулосаларини «холис эмас ва бир томонлама» деб, парламент депутатлари комиссиясининг бошчиси Киммо Кильюненни «персона нон-грата» деб топиб, уни давлатга кириши тақиқланган.