Депутат Сурабалдиева: Ҳукумат Бакиев реабилитацияси кетяптими деган саволга жавоб бериши керак

135

Жогорку Кенеш депутати Элвира Сурабалдиева МТРКнинг бошловчиси тахтдан қулатилган президент Курманбек Бакиевдан бориб олган интервьюсидан норози бўлди. Бу бўйича халқ вакили парламент йиғинида билдирди.

Журналист бу интервьюни раҳбарлари билан келишмай туриб олгани 17 майда маълум бўлган.

«Кадир Кошалиев деган МТРКнинг бошловчиси экан, [Бакиевдан] интервью олибди. Шу одамни ишдан бўшатишсин ёки МТРК миллий телеканал сифатида Бакиевларни оқлайман, деган реабилитация процессини бошладими, деган саволга очиқ жавоб беришсин. Бу биринчиси. Иккинчиси, бундай одамлар Қурултой оқсоқоллларининг раиси бўлолмайди [Кадир Кошалиев халқ қурултойининг раиси этиб сайланган — таҳр.]. Халқни бўлманглар. [...] Бунинг ортидаги можарони ўйланглар», — деди Сурабалдиева.

Халқ вакили «Бакиев ўзини оқлаб, мендан бошқаси бари ёмон, фақат мен тозаман деса, шунчалик ўзини айбсизман деса, шунча йилдан бери қўрқмай келмайдими халқнинг олдига?» деб савол берди.

«Бундан кўра, халқнинг олдига чиқиб, кечирим сўраб, бўлганини айтиб, жавобгарликни бўйнимга оламан деб айтса, балки халқнинг ҳам феъли бошқача бўлармиди. Бироқ бу ерда аксинча, барчасини ёмонлаб, оқни қора деб, қорани оқ деб гапираётгандан кейин менга қанча одамлар қўнғироқ қиляпти. Юзлаган одамни қириб кетишди. Қириб кетгандан кейин ҳам уларни алкашлар, наркоманлар деб 13 йилдан бери чиққан интервьюсида ёмонлайди. Уят нарса!» — деб ғазабланди халқ вакили.

Сурабалдиеванинг айтишича, халқ орасида Бакиев 13 йилдан бери чет ўлкада оиласи билан қайси пулга яшаяпти деган савол бор.

«Буни ким текширади? [...] Халқ орасидаги реабилитация бўляпти, деган саволга ҳукумат, президент администрацияси изоҳ беринглар ёки ўша одамни, Кошалиевни ишдан бўшатинглар. Агар бу ҳукуматнинг расмий позицияси бўлмаса, ишдан кетсин», — деган талаб қўйди Сурабалдиева.

Бир неча кун олдин бошловчи Кадир Кошалиевнинг қочқин президент Курманбек Бакиев билан суҳбатлашган видеоси чиққан. Унда Бакиев унинг иштироки билан онлайн форматда суд ўтказишни таклиф қилган. Бакиев адолат учун ишнинг материаллари билан танишиб чиқадиган адвокат ёллашини билдирган. Унинг айтишича, унга нисбатан қўзғалган жиноий ишни текширишда хатога йўл қўйилган.

Қочқин Бакиев

Курманбек Бакиев 13 йилдан бери Беларусда яшайди — у 2010 йили тахтдан қулатилгандан кейин оиласи билан ўша томонга қочган.

2010 йилнинг 7 апрелида норозиликка чиққанларга қарата қурол қўлланилиб, натижада Оқ уй олдидаги майдонда 80дан ортиқ одам қурбон бўлган.

Қирғизистонда Бакиев сиртдан 30 йилга озодликдан маҳрум қилинган, унинг 25 йилини у кучайтирилган тартибдаги аҳлоқ тузатиш қамоғида ўташи керак.

2010 йилнинг 10 июнидан бошлаб 14 июнгача Ўш ва Жалолобод шаҳарларида этник ўзбеклар билан қирғизлар ўртасида жанжал чиққан. Минглаган бино ёқилиб, ҳарбий хизматчилар билан милициянинг қурол-яроғи ва махсус техникаси босиб олинган. Расмий маълумот бўйича тўқнашувда 426 одам ҳалок бўлган, мингдан ортиқ одам яраланган.

Июнь воқеасини текширган халқаро комиссиянинг маълумотига қараганда, халок бўлганларнинг сони 470 кишига етган. Уларнинг орасидан 74% ўзбеклар, 25% қирғизлар, бир фоизини эса бошқа этник гуруҳнинг вакиллари ташкил қилган. Вафот этганларнинг 67%га яқини ўқдан яраланган.

Қирғизистон ҳукумати комиссиянинг хулосаларини «холис эмас ва бир томонлама» деб, парламент депутатлари комиссиясининг бошчиси Киммо Кильюненни «персона нон-грата» деб топиб, уни давлатга кириши тақиқланган.