Ўш шаҳридаги Райимбеков кўчаси тўлиқ янгиланади

124

Ўш шаҳрдаги Жолдошбек Райимбеков кўчаси тўлиқ янгиланади. Бу ҳақда 15 майда шаҳар мэриясидан билдиришди.

Маълумотга кўра, шаҳар раҳбари Бакитбек Жетигенов Раимбеков кўчасининг Масалиев проспектидан бошлаб, Қорасув кўчасигача бўлган ҳолатини кўриб, кўчани кўкаламзорлаштириш, йўлга асфальт ётқизиш ва ёруғлик қўйиш йўлларининг янги лойиҳаси билан танишди.

Сурат: Ўш шаҳар мэрияси

Йўлнинг умумий узунлиги 530 метрни, кенглиги 22 метрни ташкил қилади. Бундан ташқари, йўлнинг икки томонидаги 5 метрдан 8 метргача бўлган пиёдалар йўлини таъмирлаш ишлари режалаштирилгани айтилди.

Шунингдек, бу кўчани янгилаш бўйича лойиҳада пиёдалар ўтиш жойи бўлган майдончалар, замонавий чироқлар, видео кузатув тизимларини ўрнатиш, кўкаламзорлаштириш, яшовчилар учун дам олиш жойларини қуриш режалаштирилган.

«Шу билан бирга инсталляциялар, фотозоналар, турли рекламалар, байрамона, анимацион LED экранлар ўрнатилади. Кўчага чиройли соябонли ўтиргичлар, велосипед тўхтатиш жойлари қурилиб, мазкур ҳудудга 265га яқин дарахтлар ва 118 бадал экилади», — деб билдиришди мэриядан.

Шаҳар ҳукуматидан мэр Жетигенов қўйилган режаларни белгиланган муддатда бажариш бўйича тегишли хизматларга топшириқлар берганини таъкидлашди.

Муаллиф: Нагима Козуева