Ўш: Сулаймон-Тоғ музейининг директорлигига Гулбара Абдикаликова тайинланди

172

Ўш шаҳридаги Сулаймон-Тоғ миллий тарихий-археология музей комплекси директорлигига Гулбара Абдикаликова тайинланди. Бу ҳақда 3 майда Маданият вазирлиги билдирди.

Маълумотга кўра, Абдикаликова вазир Алтинбек Максутовнинг таклифи билан ишга тайинланиб, буйруққа Вазирлар маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров қўл қўйди.

Раҳбарни жамоага Маданият вазирининг ўринбосари Чингиз Эсенгул ўғли таништирди.

Гулбара Абдикаликова — 41 ёшда. Бунгача у вазирликка қарашли Маданий меросларни сақлаш ва ривожлантириш бошқармасида мутахассис, кейинчалик миллий тарих музейида директор вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

Шунингдек, у нодавлат ташкилотларда, ўқитувчилик ва таржимонлик соҳаларида ҳам ишлаган.

Бунгача музей-комплекси тўққиз ойдан бери раҳбарсиз ишлаган. Вазирликнинг бунинг сабабини махсус талабларга тўғри келадиган кадр танлаш зарурлиги билан тушунтирган.

Музейнинг собиқ етакчиси Султан Абдирахманов 2022 йили июль ойида ишдан бўшатилган. Унинг фаолияти давомида ходимлар билан фикр келишмовчилик борлиги ҳақида хабарлар тарқалган.

Муаллиф: Нураида Рахманова