«Медиахаб»: Қиморхона лицензиясини сотиб олган компания Арзибек Буркановга алоқадор

124

Қирғизистонда казино очиш учун 84 млн сом тўкиб, биринчилардан бўлиб лицензия олган “Гранд Казино” компаниясини президентга яқин одам Арзибек Бурканов билан алоқаси бор. Бу ҳақда “Медиахаб”нинг суриштирувчи журналистлари айтишди.

“Гранд Казино” қиморхона ишлатишга лицензия сотиб олгани ҳақида 2 майда маълум бўлган.

Адлия вазирлигининг маълумоти бўйича, “Гранд Казино”нинг етакчиси ва асосчиси Адилет Абдиманапов деган фуқаро. “Медиахаб”нинг маълумотига кўра, Абдиманапов ёши 30га етмаган йигит.

Журналистлар компаниянинг Адлия вазирлигида кўрсатилган рақам орқали алоқага чиқишган. Уларнинг маълумотига кўра, кўрсатилган рақам Буркановнинг қариндошига — Канишай Буркановага тегишли.

Бироқ бу аёл журналист билан суҳбатлашганда Арзибек Буркановнинг қариндоши эмаслигини, олдин шу телефон рақами кўрсатилиб қолган компаниянинг бухгалтериясида ишлаганини, шу сабаб рақами Адлия вазирлигида кўрсатиб қолинганини айтган. Шунингдек, “Гранд Казино”га ҳеч қандай алоқаси йўқлигини қўшимча қилган.

Абдиманаповнинг “Ала Тоо Кўмур АТ” МЧЖдаги ҳамкорларининг бири бўлган Арстанбек Айдаров “Гранд Казино”нинг ортида ҳиндистонлик инвесторлар туришини билдирган. Унинг айтишича, улар Абдиманаповдан Қирғизистонда фирма очиш учун кафил бўлиб беришни илтимос қилишган.

Бурканов ким?

Арзибек Бурканов — Бакиевнинг “Ак Жол” партиясидан сайланган Жогорку Кенешнинг III чақирилиши депутати. 2011-2012 йиллари Бурканов Баткен вилоятининг губернатори вазифасини бажарувчи бўлган. 2015 йили “Қирғизистон” сиёсий партиясининг таркибига кирган. Бурканов Садир Жапаровнинг яқин дўсти бўлиб саналади.

Бундан ташқари, бир қатор сиёсий арбоблар Арзибек Буркановни Жапаровнинг “маслаҳатчиси” ёки “ёрдамчиси” деб аташган, бироқ расмий унинг маслаҳатчилари орасида Бурканов йўқ. Бурканов 2021 йили айрим премьер-министр Улукбек Мариповнинг маслаҳатчиси бўлган.

Жогорку Кенешнинг депутати Жанар Акаев 2021 йилнинг апрель ойида Бурканов ўлкада жуда катта таъсирга эга эканини айтган.

Шунингдек, Бурканов 2013 йили кўчмас мулкка боғлиқ бўлган Камчи Колбаевнинг ишида гувоҳ бўлган. Бу ишда билвосита Садир Жапаровнинг номи ҳам айтилган.

Ўтган йилнинг июль ойида Temirov Live'нинг журналистларини маълумотига кўра, Бурканов билан алоқаси бор “Евразия-Строй Сервис” Баткенда КММАнинг ўқув-даволаш мажмуасини қуришга эълон қилган тендерни ютиб олган. Тендер 82 млн сомга эълон қилинган. Янги бинога 28 июнда Баткен вилоятига бўлган сафарида президент ўзи капсула солган.