Ижтимоий тармоқларда суд приставлари Кампиробод иши бўйича суд мажлисини ёритиш учун келган Govori TV’нинг журналисти Гулназ Мидиновани Бишкек шаҳар судидан куч билан чиқараётган видео тарқалди.
«Гулназ Мидинова суд биносида ёлғиз бўлган. Коридорда телефоннинг стабилизаторини тўғрилаётган экан. Суд приставлари ҳеч нарса демай уни бинодан чиқариб юборишибди. Журналист ҳеч нимани тасвирга олмаган. У суд приставларининг устидан чора кўришни илтимос қилиб, милицига ариза беради», — деди Govori TV’нинг етакчиси Кайиргул Урумканова 24.kg нашрига берган интервьюсида.
Олий судга қарашли суд департаментидан бу видео бўйича изоҳ бериб, суд приставлари журналист «судга келганларга иккинчи қаватга ўтишга тўсқинлик қилган» деб айтишганини билдиришди. Уларнинг маълумотига кўра, у биринчи ва иккинчи қаватнинг ўртасидаги зина майдонига сумкаларини қўйиб, Бишкек шаҳар судининг ҳовлисида турган конвойнинг «автозагини» телефонга тасвирга ола бошлаган.
«Суд пристави бу фуқарога ўзини таништириб, биринчи қаватга тушиш ва судга келган фуқароларга тўсқинлик қилмасликни сўраган вақтда, бақириб, можаро чиқара бошлаган. Суд приставининг ўзини таништириш ва паспортни кўрсатиш талабига рози бўлмаган. Кейин бу фуқарони суд биносидан чиқаришга тўғри келган. Ҳозирда Бишкек шаҳрининг суд приставлари хизматининг тегишли ҳудудий бўлимидан рапортлар олиниб, тарқалган видеоматериал, олинган ҳужжатлар текширилмоқда. Мазкур воқеа бўйича текширув олиб борилишини билдиришди», — дейилади билдирувда.