Бишкекнинг Октябрь туман суди «Қумтор»нинг собиқ ташқи бошқарувчиси Тенгиз Болтурукни уй қамоғига чиқарди. Бу ҳақда 30 апрелда «Клооп»га туман судидан билдиришди.
Маълумотга кўра, суд прокуратуранинг илтимосини қаноатлантириб, Болтурукнинг эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартирди.
Болтурукнинг иши бўйича суднинг сўнгги мажлисида у 10 майгача қамоқда қолдирилган.
Тенгиз Болтурук «Кумтор Голд Компани»ни 2021 йилнинг 17 майидан бошлаб бошқарган — шу куни ҳукумат конга ташқи бошқарувни киритган.
2022 йилнинг 24 августида вазирлар маҳкамаси Болтурук «Қумтор»нинг ташқи бошқарувчиси хизматидан четлатилганини маълум қилган. Бу Ҳисоб палатаси коннинг ишида молиявий қонунбузарликлар аниқланган кейин бўлган.
Ўтган йилнинг 13 сентябрида бош прокуратура Қумтор конини ишлатган «Кумтор Голд Компани»нинг ишини текшириш натижасида уч жиноий иш қўзғалганини билдирган. Компания давлатга 1 млрд долларга яқин зарар келтиргани айтилган.
Шу куни кечда бош прокуратуранинг тергов бошқармаси Тенгиз Болтурук билан раҳбариятнинг икки вакилини қўлга олган.
Болтурук эса ўзига қарши қўзғалган жиноят ишини «абсурд» деб атаб, қўл остидагиларнинг барчаси учун жавоб беролмаслигини билдирган.
Шу йилнинг 27 февралида Тенгиз Болтурук ишхонадаги коррупцияни йўқота олмагани учун президент Садир Жапаровдан кечирим сўраб, шафқат қилишни илтимос қилиб хат ёзган. У зарур бўлса Канадага кетишга тайёрлигини айтган.