Туркия: Президент маъмурияти Эрдўғаннинг соғлиғи ҳақидаги маълумотни рад этди

130
Ражаб Тоййиб Эрдўғон

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маъмурияти унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда 27 апрель куни маъмуриятнинг Алоқа бўлими бошлиғи Фаҳреттин Алтун маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Эрдўған 26 апрель куни бўлиб ўтган президентлик сайлови муносабати билан журналистларга берган интервьюсида ўзини ёмон ҳис қилган ва жонли эфирда 20 дақиқалик танаффус берилган.

Эшиттириш қайта бошланганида Туркия президенти «ошқозони оғриб қолганини» ва сайловолди тадбирлардан чарчаб қолганини айтди.

Бундан олдин қатор нашрлар Эрдўғоннинг «юрак хуружига учрагани ва шифохонага ётқизилгани» ҳақида хабар берган эди. Аммо Альтун бу каби маълумотларнинг барчасини рад этди.

«Муҳтарам президентимизнинг соғлиғига оид бу каби асоссиз даъволарни қатъиян рад этамиз», — деди у.

Шунингдек, вице-президент Фуат Октай Туркияда президентлик сайлови олдидан Эрдўғон ўрнига бир қанча тадбирларда иштирок этиши қўшимча қилинди.

14 май куни Туркияда президентлик ва 28-парламент сайловлари бўлиб ўтади. Туркия Олий сайлов комиссияси маълумотига кўра, сайловда тўрт нафар номзод кураш олиб боради. Улар Камол Қиличдарўғли, Муҳаррем Инже, Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Синан Ўғандир.

Муаллиф:Нурислам Абдисатаров