Ички ишлар вазирлиги «Аю» компаниясининг спирт ва ароқ чиқарган заводни тинтув қилиб, 264 тонна ноқонуний ишлаб чиқарилган спирт ва акциз маркаси қалбакилаштирилган 13 минг бутилка алкоголь ичимликларни топди.
ИИВнинг 15 апрелдаги маълумотига кўра, милицияга Тўқмоқдаги ишхоналарнинг бирида номаълум одамлар спирт ва спирт қўшилган ичимликларни ноқонуний ишлаб чиқараётгани ҳақида маълумот тушган.
Бу бўйича «Спиртни ва спирт қўшилган ичимликларни ноқонуний ишлаб чиқариш» моддаси билан жиноят иши қўзғалган.
«Иш бўйича бир неча манзил аниқланиб, Сўқулуқ қишлоғида ва Тўқмоқ шаҳрида тинтув ўтказилган. Натижада тайёр маҳсулотлар сақланган омборлардан ноқонуний муомаладаги спирт ичимликлари олинди», — деб таъкидлашди милициядан.
Бу фактлар аниқлангандан кейин барча омборлар ёпилиб, назоратга олинди. Шунингдек, ИИВ яна 118 манзилда тинтув ўтказди.
«Йиғилган далиллар асосида «Токмок Буллс» ишхонасининг бош директори, заводнинг навбатчилик бўлимининг бошчиси, ишхонанинг бош технологи қўлга олинди. Бу ишга алоқаси бор бошқа одамлар аниқланмоқда», — дейишди ИИВдан.
Кеча 14 апрелда президент Садир Жапаров «Аю» компаниясининг спирт ва ароқ заводи мусодара қилиниб, давлатга ўтказилганини билдирган. Унинг айтишича, бунга ишхона миллионлаган солиқларни тўламай, акцизларни қалбакилаштириб, контрабанда йўли билан нархи 40 миллион сомдан ортиқ 275 тонна спирт билан қўлга олингани асос бўлган.
Иқтисод вазири Данияр Амангелдиев компанияни «тадбиркор ўз ихтиёри билан ўтказиб бермоқда, бунга давлатнинг ҳеч қандай босими бўлмаган» деб билдирган.