Бош прокурор Курманкул Зулушев 12 апрелда Жогорку Кенеш йиғилишида прокуратура ходими Алмазбек Абжалиевнинг уйидан топилган ўғирланган автомобиль бўйича изоҳ берди.
«Хизмат текшируви бўйича, тунги соат 01:00 билан 02:00 ўртасида Туркияда ўзининг яқин дўсти боғланиб, “машинамни уйингга тўхтатиб қўйчи”, деб илтимос қилган экан. Бу бўйича телефонда далиллар бор. Шу бўйича саройга олиб келиб қўйганман, дейди. Энди бунга тергов баҳо беради»,— деди у.
Зулушев бу ишни ИИВ тергов қилмоқда, деб ишонтирди. У агар Абжалиевнинг айби исботланса, жазодан қутулиб қолмайди, деб қўшимча қилди.
11 апрелда ўғирланган машина Ўш прокуратураси ходими Алмазбек Абжалиевдан топилгани маълум бўлган. Kaktus.Media’ хабарига кўра, номаълум шахслар машина эгасини ўмариб, Бишкек чеккасига олиб боришган.
«Чуй вилоятининг Иссиқ-Ота туманидаги далада қўл ва оёқлари скотч билан боғланган эркак топилди ва унинг Range Rover русумли машинасини ҳайдаб кетишгани маълум бўлди», — деб ёзган нашр.
Жабрланувчи ариза билан мурожаат қилган. Тергов давомида милиция уч нафар гумонланувчини қўлга олган. Машина эса Ўшдаги кўп қаватли уйнинг ҳовлисидан топилган. Нашрнинг ёзишича, Алмазбек Абжалиев шу вақтда қўлга олинган.