14 апрелда Президентнинг Ўш вилоятидаги мухтор вакили Зиядин Жамалдинов, унинг биринчи ўринбосари Данияр Жаникулов ва Қорасув тумани ҳокими Турусбек Ногоев ишдан бўшатилди. Бунга қадар Жаникулов кабинетида конверт олган видео тарқаган.
Маълумотга кўра, президент Садир Жапаровнинг топшириғи билан Ўш вилояти раҳбарларининг фаолиятини текшириш бўйича комиссиянинг натижаси билан уларнинг фаолиятида қонун бузиш фактлари аниқланган.
Кеча 13 апрелда ижтимоий тармоқларда Ўш вилояти бошчисининг ўринбосари Данияр Жаникуловга ўхшаган одам иш кабинетида бир неча одамдан конверт олиб, бераётган видео тарқади.
Лавҳада Қорасув тумани ҳокими Турусбек Ногоевни ва «АККА компаниялар гуруҳи» ЁҲЖ бошқармаси раисининг ўринбосари Керимберди Макеевни ва бошқа одамларни кўриш мумкин.
Шу куни Жаникулов бу видео ўзининг иш кабинетида олинганини тасдиқлаб, изоҳ берган. У билан бирга Ногоев билан Макеев ҳам фикр билдириб, «ҳеч қандай коррупция иши бўлмаган» деб айтишган
Жаникулов видеодаги конвертлар — «яшовчилардан келган шикоятлар, турли ишхоналардан келган байрам табриклари» деб тушунтирган. Шунингдек, у ўринбосарлик лавозимида ишлаган вақтдан бошлаб ноқонуний қурилган биноларни буздириб, нотўғри берилган ерларни давлатга ўтказганини айтиб, шунинг учун «кимларгадир ёқмай қолганини» билдирган.
«Албатта, бундай одам қандай қилиб бошқаларга ёқади? [...] Биз ўзимиз ҳам қачон ким келиб уриб кетади деб қўрқиб юрдик. Уйга кирганда ҳам қўрққандан подъездларни қараб, шундай шароитда ишладик. Ерларини, биноларини олдираётган, қизил чизиққа қурилиб қолган бинолари бузилаётган одамлар, албатта, бизга қарши ишларни уюштириб, бизга қарши ишларни қилишди. Бу маълум. Мана бугун ҳам қилишяпти», — деган Жаникулов.
Шунингдек, Жаникулов президентнинг Ўш вилоятидаги вакили Зиядин Жамалдиновни ва унинг яқинларини «ижтимоий тармоқларда тарқалган видеони уюштиришда» айблаган. Унинг айтишича, вилоят маъмуриятидаги IT йўналишидаги ходим Нургази Жамалдинов — вакилнинг яқин қариндоши.
Жамалдиновнинг атрофидаги муаммолар
Жогорку Кенешнинг шу йил 9 мартдаги йиғинида Жусупбек Коргонбай ўғли бошчилигидаги бир қатор депутатлар Ўш вилоятининг бошчиси Зиядин Жамалдинов ер участкаларини «акасининг номига ноқонуний ўтказиб олган» деб айблашган.
Жамалдинов буни «туҳмат» деб атаб, бари тегишли идоралар текширгандан кейин аниқланади, деб билдирган.
Кейинчалик 3 апрелда ижтимоий тармоқларда Ўш вилоятининг бошчиси Зиядин Жамалдинов билан Толойкон қишлоқ ҳукуматининг собиқ бошчиси Султанбек Жунусовнинг суҳбати ёзилган аудио тарқаган.
Унда вилоят бошчиси ҳукумат етакчисидан «ишлаб чиқариш йўналишидаги ерни турар-жой йўналишига ўзгартириб беришни сўраган». Вилоят маъмурияти аудиода Жамалдинов сўзлаганини тасдиқлаб, бироқ уни «махсус уюштирилган» деб атаган.
Журналистлар бу 5 гектар ер вилоят бошчисининг қариндошига ўтказилганини ёзишгандан кейин вилоят маъмурияти ер ҳозирда жисмоний шахс Мамадалиев Нуржигит Бердали ўғли номли фуқарога тегишли эканини маълум қилишган.
Зиядин Жамалдинов — Жогорку Кенешнинг учинчи, тўртинчи, ва олтинчи чақирилишларида депутат бўлган. У Ўш вилояти раҳбари лавозимига 2021 йили 22 июлда Жарасул Абдураимовнинг ўрнига тайинланган.