Бишкекда доимий фаолият юритувчи халқаро наркотик тўдаларидан бирининг аъзолари қўлга олинди. Улар орасида шаҳардаги мактаблардан бирининг 9-11-синф ўқувчилари ҳам бор. Бу ҳақда 14 апрелда МХДҚ билдирди.
Маълумотларга кўра, 27 мартда Иса Ахунбаев ҳамда 7 апрель кўчаларининг чорраҳасида жойлашган ботаника боғига гиёҳванд моддаларни «яширишга» ҳаракат қилаётган жойидан 18 ва 16 ёшли ўғил болалар қўлга олинган.
«Қўлга олинганларнинг сумкаларини кўздан кечириш чоғида, умумий оғирлиги 921 граммни ташкил қилган синтетик «Альфа PVP» гиёҳванд моддаси ҳамда 0,4 граммдан бўлган 69 ўрам топиб олинган. Ушбу 1 грамм модданинг бозор нархи 10 000 сомни ташкил қилади, интернет мессенжерлари орқали битта ўрами 5 минг сомдан сотилмоқда», — дейилади маълумотда.
Шунингдек, топилган 921 грамм гиёҳванд моддадан 2302га яқин доза чиқиши, бу дори воситаларининг «дозалаб» сотилаётган нархи 11 миллион 857 минг 500 сомга етиши айтилади.
Мазкур ҳолат юзасидан «Кўп миқдорда гиёҳванд воситаларини, психотроп моддаларни ва уларнинг аналогларини сотиб ўтказиш мақсадида ноқонуний тайёрлаш» моддаси билан жиноят иши қўзғалган.
Мазкур гуруҳнинг бошқа аъзоларини аниқлаш жараёнида, 4 апрель куни Жукеев-Пудовкин ва Аали Токомбаев кўчалари чорраҳасидан навбатдаги йирик партияни олаётганда Бишкек шаҳрининг 19 ёшли турғуни қўлга тушган.
13 апрель куни Ўш шаҳар милицияси Қирғизистонда синтетик гиёҳванд моддалар тарқатувчи йирик канал ёпилганини маълум қилган. Жиноятда 19 ва 20 ёшли йигитлар гумон қилинаётгани айтилмоқда.
4 апрелда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланишида гумонланган «Принсесса Дури» интернет-дўконидан ўғирланган наркотиклар учун гиёҳванд модда ташувчиларни калтаклаб, кечирим сўратишга мажбурлаган гуруҳнинг уч аъзоси қўлга олинган.