Бишкекнинг мэрини бевосита сайлаш бўйича қонун лойиҳаси парламентда маъқулланмади

136

6-апрелда Жогорку Кенеш депутатлари Бишкек мэрини тўғридан-тўғри сайлашни таклиф қилган қонун лойиҳасини рад этишди.

Овоз бериш вақтида халқ вакилларининг фикри бир ердан чиқмаган, айримлари шаҳар турғунлари мэрни ўзлари танлаши керак деган сабаб билан мақул деб овоз берса, айримлари қарши чиқди.

«Керак бўлса 20 [мэр] алмашсин. Ишлай олмайдими, ишлай оладигани келгунча алмаштириш керак. Халқ учун, юрт учун, ер учун ишламагунча алмаштириш керак. Сайлов йўли билан олиб келадиган бўлсак, уни ишдан олиш учун сиз ўзингиз айтгандай, шунча овораси бор, тўсқинликлар бор. Шу сабаб мен бу қонунга қаршиман», — деди депутат Кундузбек Сулайманов, шаҳар раҳбарларининг алмашишига изоҳ бериб.

Натижада қонун лойиҳасига 38 депутат овоз берди, 13 депутат қарши бўлди. Бироқ бу конституциявий қонун бўлганлиги учун бунга депутатларнинг кўпчилиги овоз бериши керак эди, бошқача айтганда 46 депутатнинг овози керак.

Бунгача Бишкек мэрини тўғридан-тўғри сайлашни таклиф қилган қонун лойиҳасини парламент қўмитаси мақуллаган. Бу таклифнинг ташаббусчиларидан бири депутат Жанар Акаев шаҳар турғунлари «шаҳарни бошқаришга аралашиш имконига эга бўлиб, мэрни ўзлари сайлаши кераклигини» таъкидлаган.

Бироқ шаҳар раҳбарларини тўғридан-тўғри сайлаш таклифига Вазирлар маҳкамаси қарши бўлган. Вазирлар маҳкамаси буни «бевосита сайлов барқарорликка олиб келиши мумкин» деган сабаб билан асослаган.

2021 йилнинг октябрь ойигача шаҳар раҳбарларини шаҳар кенгашининг депутатлари, фракциялар ва бош вазирлар томонидан таклиф қилинган номзодлар танланган. Аммо кейинчалик республика ва вилоят даражасидаги шаҳарларнинг мэрларини тайинлаш мақсадида президент Садир Жапаров «Маҳаллий давлат маъмурий ва маҳаллий ўз-ўзини бошқариш ҳақидаги» қонунни имзолаган.