«Яндекс.Такси» ходимига таҳдид: Тўқмоқдаги депутат уй қамоғига чиқди

166

«Яндекс.Такси»нинг офисида ишлаган қизни қўрқитишда гумонланиб қамоққа олинган Тўқмоқ шаҳар кенгашининг депутати Кайрат Чокеев уй қамоғига чиқди. Маълумотни 6 апрелда «Клооп»га Чуй вилоят милициясидан тасдиқлашди.

Ҳукмни Аламудун туман суди чиқарди. Судья Чокоевнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш бўйича терговчининг илтимосини қаноатлантирди. Депутатни уй қамоғига чиқаришга нима асос бўлганини милициядан «терговнинг махфийлиги» деган сабаб билан изоҳлашди.

Шунингдек, милициядан иш ҳамон тергов қилинаётганини, натижаси асосида қонун доирасида чора кўрилишини қўшимча қилишди.

Чокеев 9 март куни қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киритилган. Тинтув вақтида ёнидан ўқ-дорилар топилган. Аламудун туман суди депутатни 6 майгача қамоққа олган.

«Яндекс.Такси»нинг ходимига таҳдид

26 февралда Тўқмоқ шаҳар кенгашининг депутати Чолпон Сидикова видео мурожаат жойлаб, «Яндекс.Такси»нинг офисидаги ходимларга нисбатан таҳдид бўлганини маълум қилган. Сидикова улар шаҳар кенгашининг депутатлари Кайрат Чокеев билан Зафар Абраимов эканини билдирган.

Милициядан шу куни Бишкекнинг Свердлов туман ИИБига аёл киши ариза билан мурожаат қилганини маълум қилишган. Унинг айтишича, соат 16:00да Тўқмоқдаги «Салтанат кейджи» фирмасининг офисига нотаниш одамлар кириб, ходимларнинг бирини судраб чиқишган. Уни «тан жароҳати етказамиз, офисингни ёқиб юборамиз» деб қўрқитишган.

«Фирманинг нархи 3000 сом бўлган реклама баннерини йиртиб, ходимларни Тўқмоқдан кетишга мажбур қилишган. Фактни Свердлов туман ИИБи рўйхатга олган, аммо ҳудудга қарашли Тўқмоқ шаҳар милициясига ўтказилган», — деб билдиришган милициядан.

Бунгача Чокеевни парламентнинг собиқ депутати Омурбек Текебаевга ҳужум қилишга алоқаси бор деган маълумот тарқаган.