Омбудсмен институтининг ходимлари Помирдан кўчиб келган қирғизлар яшовчи Ўшнинг Олай туманидаги Талди-Суу қишлоғига боришди. Бу ҳақда 30-мартда институтнинг матбуот хизмати билдирди.
Маълумотга кўра, қишлоқда 87 кишидан иборат 16 помирлик оила яшайди. Уларнинг фақат 45тасида қирғиз паспорти бор — қолганлари Афғонистоннинг паспорти билан кун кечиради.
Ҳақиқатчи институтининг фуқаровий-сиёсат бўлимининг ходими Акжол Абдукеримов помирлик қирғизлар паспорт йўқлигидан «чекловларга учраётганини» билдирди.
«Афғонистонда туғилиб, паспорт олишга ёши етмаган болалар афғон ҳужжатлари билан келишяпти. Тиббий муассасаларда даволаниш зарур бўлса, шифокорлар қирғиз паспортини талаб қилишмоқда. Муаммо бўлмаслиги учун улар қишлоқ ҳукуматидан маълумотнома олиб келиши керак бўлади», — деди у.
Абдукеримов помирлик қирғизлар орасида ишсизлик масаласи ҳам борлигини билдирди. Болаларга тўланувчи ёрдам пули уларнинг кундалик турмушига етмайди — бу айрим оилаларнинг ягона даромади.
«Қишлоқ хўжалиги ишларини қилишга ер берилган, бироқ суғориш учун сув йўқлигидан фойдаланилмайди. Маҳаллий карьердан кўмир қазиш вақтида улар турли ишларни қилишади», — деб билдиришди муассасадан.
Шунингдек, помирлик қирғизлар зич жойлашган ҳудудда ичимлик суви йўқ, шу сабаб улар сувни бошқа жойдан ташиб келишга мажбур.
Помирлик қирғизларнинг муаммосини Омбудсмен институтининг ходимларига Талди-Суу қишлоғининг бошчиси Турусбек Таев ҳам айтди. У олдин ҳар бир оилага 10 бош қўй-эчки, биттадан мол ва йилқи берилганини, ҳозирда айримларининг моллари кўпайганини таъкидлади.
«Кўчиб келганларга ҳар йили озиқ-овқат, кийим-кечак, кўмир ва бошқа гуманитар ёрдам берилади. Бироқ сўнгги йиллари гуманитар ёрдам камайган, шундай бўлса ҳам кўмир билан таъминлаш давом этмоқда», — деди у.
Таев мактабларда помирлик эркаклар ва аёллар учун саводсизликни бартараф қилиш бўйича курслар ташкил қилинганини қўшимча қилди. У помирлик болалар маҳаллий ўсмирлар билан бирга билим олаётганини айтди.
«Тиббий ёрдам берилмоқда, улар тез ёрдам хизматидан ҳам фойдаланишяпти. Маҳаллий аҳоли билан муаммо бўлмаган, келишмовчилик бўлмади», — деди қишлоқ раҳбари.
Омбутсмен Атир Абрахматова маниторинг хулосасига таяниб, ҳукуматни помирлик қирғизларнинг муаммоларига эътибор қаратишга чақирди.
У помирликларни бир жойга жойлаштириш, уларни маҳаллий аҳолига аралашиб, ўтроқлашиб кетиш имконини бермаётганини таъкидлади.
«Улар ўзларининг ички чекланган гуруҳида яшашмоқда, ўзгариб турувчи ҳолатларга мослашишда қийинчилик пайдо қилган ижтимоий қонун-қоидаларини сақлаб қолишни давом эттиришмоқда» — деди у.