Қозоғистонда 20 йил ҳужжатсиз юрган аёл ва ўспирин қиз ватанига қайтиб келди

193
Иллюстратив сурат.

2003-йилдан бери Қозоғистонда ҳужжатсиз юрган 56 ёшли қирғизистонлик аёл ва 15 ёшли қиз ватанига қайтарилди. Бу ҳақда 30-мартда Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Баёнотда мазкур икки фуқаро Қозоғистонда оғир ҳаётий вазиятга дуч келгани айтилади.

«Жаш Муун» диаспораси Қирғизистоннинг Олмаотадаги Бош консуллигига уларни мамлакатга қайтаришда ёрдам берди.

«Қирғизистоннинг хориждаги элчихоналари фуқароларнинг мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериб, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳаракатида», — деб билдиришди вазирликдан.

Қирғизистон фуқароларининг Қозоғистон ҳудудида узоқ йиллар оғир аҳволда яшаб, қулчиликда қолиб, кўп йиллардан сўнг ўз ватанига қайтиши ҳолатлари кузатилган.

Яқинда Қозоғистонда 32 йил қулликда сақланган Жалолободлик Номанжон Саматов ўз шаҳрига қайтди. Жалолобод ҳокимлигидан Саматовнинг фуқаролигини олиш учун ҳужжатлар тайёрланаётганини билдиришган.

Муаллиф: Бурулсун Жумалиева